Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Мамлакатимиз Мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан Жиззах вилоятининг қишлоқ ва маҳаллаларида “Кинокарвон” лойиҳаси остида ўзбек миллий кинолари намойиш этилмоқда.
Республика Маънавият-маърифат маркази Дўстлик туман бўлинмаси, “Маҳалла” уюшмаси ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими туман бўлимлари ҳамкорлигида ушбу лойиҳани белгиланган жадвал асосида амалга оширмоқда.
Жумладан, тумандаги “Бунёдкор” МФЙ аҳолиси учун Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан тайёрланган “Ракеш” номли видеоролик ҳамда “Кино вақти” ҳештеги остида “Аёл қиссаси” номли бадиий фильм намойиш этилди. Фильм томошабинларда чуқур таассурот қолдирди.



***
Арнасой туман ҳокими Одил Мусанов ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш мақсадида учрашувлар ўтказмоқда.
Учрашувда туман ҳокими янги лойиҳаларни амалга ошириш самарасида яратиладиган иш ўринлари, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини ошириш, таълим-тарбия масалаларига тўхталиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда галдаги вазифалар ҳақида суҳбатлашди.



***
Мирзачўл туманида “Ҳоким ва ёшлар очиқ мулоқоти”и доирасида учрашув ташкил этилди.
Давра суҳбатида туманнинг илғор ва ўз устида ишлайдиган, турли соҳаларда ютуқларга эришган бир қатор ёшлари ҳамда яқинда туман ҳокими ташаббуси билан ташкил этилган касбга ўқитиш ва тил ўрганиш курслари ўқувчилари ҳам иштирок этди.
Учрашувда туман ҳокими Ботиржон Мирзақулов ёшлар билан қизғин суҳбат қурар экан, уларнинг келгусидаги фаолиятига омад тилаб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.


***
Ғаллаорол тумани ҳокими Жалолиддин Оқбоев “Молтоб” ҳамда “Мирзабулоқ” МФЙлари ёшлари ва аҳоли вакиллари билан учрашди. Ёшлар учун яратилаётган шароит ва имкониятлар, ёшлар бандлигини таъминлаш ҳамда уларни тадбиркорликка йўналтириш борасида амалга оширилаётган режалар хусусида тўхталди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда аҳоли ва ёшларнинг мурожаатлари, таклифлари тингланди. Улар томонидан асосан бандлик, тадбиркорликни йўлга қўйиш, имтиёзли кредит олиш, ички йўлларни таъмирлаш ҳамда бошқа масалалар бўйича муаммоларнинг ижобий ечими юзасидан аниқ чоралар белгилаб олинди.


***
Айни кунда мамлакатимиз мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан Фориш туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ободонлаштириш ишлари давомида катта йўл четлари, ариқлар, ҳовли жойлар атрофлари тозаланиб, турли чиқиндилардан тозаланмоқда.



Ободонлаштириш ишларига тумандаги бир қатор корхона, ташкилот, муассасаларнинг техникалари ҳам сафарбар этилган.
А.Қаюмов, ЎзА.