Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой тумани Ғолиблар маҳалласининг иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш, аҳолининг бандлигини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, 2024 йилнинг ўтган даврида 66 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. 104 та янги иш ўрни яратилди.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2024 йил бошида маҳаллада жами 175 нафар ишсиз фуқаро бўлган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг 159 нафари ёки 90,8 фоизи ишли бўлган.

***
Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев “Қаҳрамон” МФЙ аҳолиси ҳамда ёшлари билан учрашди.
Очиқ мулоқот тарзида бўлиб ўтган тадбирда туман ҳокими “Обод маҳалла – обод хонадон” тамойили асосида, шунингдек, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш борасида бажарилган ишлар тўғрисида гапириб ўтди. Иштирокчиларнинг мурожаатлари тингланиб, муаммоларга ечимлар изланди. Ўртага ташланган муаммоларнинг аксарият шу ернинг ўзида ҳал этилди. Ечими вақт ва маблағ билан боғлиқ мурожаатлар назоратга олинди.



***
Шароф Рашидов туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган аёллар интернат уйида Қурбон ҳайити муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди.
Унда Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи ва ходимлари иштирок этиб, қутлуғ айём билан муассаса тарбияланувчиларини самимий қутлади.
Байрам тадбирида васийликка олинган қизлар томонидан рақс, шеър, кўргазмали чиқишлар ва куй-қўшиқлар ижро этилди.
Тадбир доирасида фаол иштирокчиларга божхоначилар томонидан байрам совғалари тарқатилди.



***
Мирзачўл тумани “Нуронийлар” жамғармаси туман бўлими қошида ташкил этилган “Бувижонлар мактаби” туман жамоатчилик кенгашининг 14 нафар “Саховатли бувижонлар”и (ҳожи оналар, меҳнат фахрийларидан иборат) Қурбон ҳайити айёми муносабати билан “Ғалаба” МФЙ ҳудудида жойлашган Мурувват уйида яшовчи 27 нафар кекса отахон ва онахон, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз қариялар ва бошқа фуқароларга тўй оши дамлаб эҳсон қилинди.
Бундан ташқари, Мурувват уйида истиқомат қилувчилар учун 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, уй рўзғор идишлари ҳамда дори-дармон учун пул маблағи берилди. Кекса онахон ва отахонлар билан суҳбат ўтказилди, уларни кўнглига далда берилди, момоларимиз меросидан қўшиқлар хиргойи қилинди, ҳожи оналар томонидан дуолар ўқилди.



***
Ҳар бир мамлакатнинг келажаги, эртаси унинг ёшлари нечоғлик салоҳиятли эканлиги билан узвий боғлиқ. Шу сабабли ҳам давлатимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор кун сайин ортмоқда.
Жумладан, Зафаробод тумани маданият марказида “Ёшлар ойлиги” доирасида раҳбар ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов ҳозирги вақтда ёшларга қаратилаётган эътибор, имкониятлар ва янгиликлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда ёшларни қизиқтирган саволларига туман секторлари раҳбарлари томонидан жавоб берилди. Шунингдек спорт, маданият, китобхонлик, тадбиркорлик, илм-фан йўналишларида юқори натижага эришган бир қатор ёшлар, туман сектор раҳбарларининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.



А.ҚАЮМОВ, ЎзА