Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой тумани ғаллакорлари жорий йилда 8 минг 800 гектар ер майдонида буғдой етиштириб, 21 минг 400 тонна дон топширишни режалаштирган.
Туман далаларида ғалла ўрими қизғин паллага кирди. Мавсум бошидан 14 отрядга бириктирилган 33 та комбайн операторлари ўримда фаол иштирок этмоқда.

Айни пайтда давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажараётган илғор фермерлар сафи кенгаймоқда. Куни кеча тумандаги “Самарқанд” сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги “Абдумутал Бегматович”, “Оқ булоқ” СИУдаги “Дала неъмати” ҳамда “Оқ қоя булоғи” фермер хўжаликлари давлатга ғалла сотиш шартномавий режасини ортиғи билан бажарди.
– Арнасой сўнгги қулоқ бўлганлиги сабаб бизда сув тақчиллиги бошқаларга қараганда яққол сезилади, – дейди “Оқ булоқ” СИУ ҳудудидаги “Оқ қоя булоғи” фермер хўжалиги раҳбари Сайдазим Қўқонов. – Ўтган йили кузда яхши ният билан сочган уруғимизга минерал ва маҳаллий ўғитларни ўз вақтида бериб турганимиз, ғалламизни ёмғирлатиб суғорганимиз учун ҳар гектаридан 75 центнердан ҳосил кўтариб, давлатга ғалла топшириш режасини 116 фоизга бажардик.
***
Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Бухоро, Сурхондарё, Қашқадарё, Тошкент, Наманган ва Жиззах вилоятларида ҳар қандай ҳосил учун ўта жиддий зарар етказувчи ҳашарот – чигирткаларга қарши кураш ишларини зудлик билан амалга ошириш лозимлиги хусусида огоҳлантирди.
Ғалла ўрим йиғими қизғин бораётган бир пайтда ҳашаротлар тарқалиш имкони мавжуд бўлган жойлар аниқланиб, махсус техникалар ёрдамида кимёвий ишлов берилмоқда. Айни пайтда Жиззах вилоятида ушбу зараркунанда ҳашаротни йўқ қилишда барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

***
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори А.Азизов ҳамда Корея Республикасининг “Unimed Pharmaceticals” компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда “Unimed Pharmaceticals” компанияси вакиллари ўз фаолиятлари ҳақида батафсил маълумот берди. Уларнинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад инвестиция киритиш учун ҳудудлар ҳақида маълумот тўплаш ва келгусида ҳамкорликда ишлаш эканлигини билдирди.

Хорижий компания вакиллари “Зомин ЭИЗ” ҳамда “Tashkent Pharma Park” кластерини бориб кўришди. Ўзбекистон фармацевтика бозорига қизиқиши катталиги ва бу ерда завод қуриб инвестиция киритиш режаси ҳақида ахборот берди. Ўз навбатида, Агентлик директори Ўзбекистонда фармацевтика соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, инвесторлар учун яратилаётган имтиёзлар ва шароитлар билан таништириб ўтди.
Учрашув якунида томонлар узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга рози эканлигини билдириб, музокараларни келгусида янги босқичда давом эттиришга келишиб олди.


***
Фориш туманидаги бир қатор маҳаллаларда аҳолининг электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида эскирган электр энергия тармоқлари реконструкция қилиниб, янги трансформатор пунктлари ўрнатилиб, электр ҳаво тармоқлари тортилмоқда. Бу борада туманнинг энг узоқ ва чекка ҳудуди бўлган “Гараша” МФЙ қишлоқларида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, маҳаллада айни кунда аҳолини электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида электр ҳаво тармоқларига янги темир бетон таянчлар ўрнатиш ва СИП-2х16 кабелларини тортиш ишлари якунланмоқда.


***
Жиззах вилояти прокурори И.Эргашходжаев бошчилигида вилоят барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда жойида бартараф этиш мақсадида Зафаробод туманида навбатдаги оммавий сайёр қабул ўтказилди.

Унда, жами 104 та мурожаат келиб тушиб, шундан 64 та субсидия, банк кредити, суд фаолияти билан боғлиқ, бандлик ҳамда бошқа ижтимоий масалалардаги мурожаатлар жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиши назоратга олинди.
Жисмоний ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакилларининг мурожаатларини қабул қилиш борасида оммавий сайёр қабуллар давом этмоқда.


А.ҚАЮМОВ, ЎзА