Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Аҳоли томорқасидан самарали фойдаланишга қаратилган эътибор сабаб, нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажми, балки оилаларнинг турмуш фаровонлиги, даромади ҳам юксалмоқда.
Ғаллаорол туманининг “Оқтош” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Маҳалла еттилиги” ва маҳаллага бириктирилган масъуллар томонидан намунали томорқа эгалари билан фикр алмашилиб, уларнинг тажрибасини жойларда татбиқ этиш, узум навларини кўпайтириш ҳамда хонадон имконияти доирасида парранда ва асаларичиликни ташкил этиш юзасидан тарғибот ишлари олиб борилиб, бу борадаги юзага келган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари белгиланмоқда.



***
“FORIGHT CALCIUM INDUTSRY” хорижий корхона раҳбари бошчилигидаги Хитой делегацияси Шароф Рашидов тумани ҳокими ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда хитойлик инвесторлар томонидан туманга 30 миллион АҚШ долларлик лойиҳани амалга ошириш истаги билдирилди. Музокаралар якунида хорижий инвестор томонидан лойиҳа жорий йилнинг учинчи ва тўртинчи чоракларидан бошланишига келишиб олинди.



***
Марказий банкнинг Жиззах вилоят бош бошқармаси бошлиғи Салоҳиддин Ботиров, туман ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов ва тижорат банклари масъуллари иштирокида Зафаробод туман ҳокимлигида маҳаллий тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда тадбиркорлар ўз фаолиятларини кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан ажратилаётган имтиёзли кредит ҳужжатларини расмийлаштиришда юзага келган муаммолар хусусида тўхталди. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан тушган мурожаатлар ечими бўйича тижорат банклари раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.


***
Жисмоний ва юридик шахсларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш мақсадида Жиззах шаҳридаги “Ёшлар инновацион маркази”да вилоятдаги Президент Халқ қабулхонаси мудири, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари раҳбарларининг биргаликдаги қабули бўлиб ўтди.
Унда жами 80 дан зиёд мурожаат келиб тушиб, улардан 24 таси жойида ҳал этилди. Қолган мурожаатларнинг белгиланган тартибда кўриб чиқилиши назоратга олинди. Мақсад аҳоли муаммоларига ечим топиш орқали, уларнинг фаровонлигини таъминлаш, аввало, “Инсон қадри учун” деган тамойилни амалда қарор топтиришдир.

***
Жиззах вилояти ФВБ, ИИБ, МГ ва бир қатор ФВДТ хизматлари ҳамкорлигида Жиззах шаҳрида жойлашган “Ўрда экологик истироҳат боғи”да махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Машқда оммавий тадбирлар ўтказиладиган манзил ҳудудида содир бўлган ёнғинларни бартараф этиш, жабрланганларни қутқариш ҳамда боғ ҳудудидаги аттраксионлардаги носозликлар сабабли юқорида қолиб кетган фуқароларни махсус қутқарув техникаси ва асбоб-анжомлари ёрдамида хавфсиз жойга эвакуация қилиш тадбирлари жараёнида барча ФВДТ хизматларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари амалда кўриб чиқилди.



А.Қаюмов, ЎзА.