Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
ФВВ ишчи гуруҳи ҳамда тошқинга қарши курашиш Жиззах вилоят штаби аъзолари томонидан “Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги” доирасида вилоятнинг сел хавфи мавжуд ҳудудларида уларни бехавотир ўтказиб юборишга қаратилган тадбирлар уюштирилмоқда.
Жумладан, Жиззах шаҳрининг “Амир Темур” ва “Боғишамол” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудидан оқиб ўтувчи сел йўллари, шунингдек, Шароф Рашидов туманидаги “Жиззах сув омбори”нинг ҳолати бўйича аҳолини эрта хабардор қилиш тизимларининг яратилганлиги, тошқин сувлари, сел оқимларини хавфсиз ўтказиб юбориш, кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган амалий чора-тадбирлар ўрганилди. Масъулларга қўшимча йўриқнома ва кўрсатмалар берилди.


***
Жиззах вилоят ИИБда бўлиб ўтган маданий-маърифий тадбирда осойишталикни таъминлаш, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш, шахс, жамият ва давлат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш йўлида матонат билан хизмат бурчини бажараётган ходимларнинг меҳнати эътироф этилди. Шу маънода Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун”, биринчи, иккинчи ва учинчи даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар, вилоят ички ишлар бошқармасининг совғалари ўз эгаларига топширилди.
Шунингдек, тадбир давомида иштирокчилар Жиззах давлат педагогика университети Маданият саройи концертместри Гулмурод Худойназаровнинг “Кино санъатининг ёшлар тарбиясига таъсири” мавзусидаги маърузасини диққат-эътибор билан тингладилар.



***
Юртимизда Наврўз умумхалқ байрами, шунингдек муборак Рамазон ойи давом этаётган қутлуғ кунларда Зафаробод тумани ҳокими Ғайратжон Эшпўлатов туманидаги кам таъминланган, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олди.
“Маҳаллабай” тизими доирасида ўтказилаётган учрашувларда туман ҳокими ушбу оила аъзолари билан дилдан суҳбатлашиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаяпти ва бартараф этиш чораларини кўрмоқда. Туман ҳокимлиги ва ҳомийлар томонидан 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари берилмоқда.
Шунингдек, учрашув давомида фуқаролар юртимизда рўй бераётган ўзгаришлар, бунёдкорлик ишлари, эҳтиёжмандларга кўрсатилаётган ёрдам ва ғамхўрликлар учун шукроналик келтириб, тараққий этаётган юртимиз тинчлигини тилаб дуолар қилишмоқда.



***
Шароф Рашидов туман ИИБ ҳамда “Ёшлик” МФЙ “маҳалла еттилиги” вакиллари 3-секторга қарашли ҳудудда яшовчи, олий ва профессионал таълим муассасаларида таҳсил олаётган бир неча ўнлаб ёшлар ва уларнинг ота-оналари ҳолидан “хонадонбай” шаклда хабар олиб, ҳар бир талаба билан суҳбат қурди.
Бириктирилган масъуллар талабаларнинг муаммолари, қизиқиш ва истакларини ўрганиш билан бир қаторда уларни ватанпарварлик ва бугунги кунга шукроналик ҳиссини кўпроқ англашга даъват этиб, келгусидаги режа ва мақсадлари билан яқиндан танишиб чиқди, контракт тўловларини ҳал этиш борасида ҳам ўзаро суҳбат қурилди.
Шунингдек, уларга жамиятда ўрнатилган одоб-ахлоқ қоидалари, тартиб-интизом ва амалдаги қонунларда кўрсатилган нормативларга риоя қилиш бўйича тушунчалар берилди.


***
Пахтакор туман тиббиёт бирлашмасида юқори технологик операцияларни “кам инвазив” йўл билан бажариш имконияти яратилди, яъни лапараскоп аппарати ишга туширилди.
Ушбу замонавий аппарат ёрдамида кичик ўлчамдаги кесим орқали кўплаб аъзолардаги операцияларни бажариш мумкин.
Эндиликда қорин бўшлиғидаги кисталар, тухумдон кисталари, аппендицит, ўт қопидаги тошлар, диафрагма қизилўнғач чурралари ва бошқа турдаги операциялар лапараскопик усулда бажарилади.
Бундан ташқари, юқори ва пастки қовокларни олиш блефаропластика, қориндаги ёғларни олиш ва обдоминопластика, қон томир варикоз касалликлари операциялари бажарилади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири