Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Мирзачўлтумангаз” бўлими жамоаси қишни беташвиш ўтказиш, кириб келаётган Янги йил олдидан аҳоли кайфиятини кўтариш, туманнинг табиий газ етиб бормаган маҳаллалари аҳолисини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш мақсадида қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Жумладан, табиий газ етиб бормаган туманнинг энг узоқ ва чекка “Янги дала”, “Гулзор”, “Ўзбекистон” ҳамда “Ипак йўли” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолисининг суюлтирилган газга бўлган талабини тўлиқ қондириш мақсадида байрам олдидан қўшимча 100 тадан маиший газ баллони етказиб берилди.


Совуқ кунларда ушбу маҳаллалар аҳолисига суюлтирилган газ баллонларидан ташқари, маҳаллий ҳокимлик томонидан аҳоли талабидан келиб чиқиб, зарур миқдордаги кўмир маҳсулотлари ҳам етказиб берилди.
***

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари томонидан тасдиқланган “Сайёр академия” ўқув-дастурига асосан, ИИВ академияси профессор-ўқитувчилари томонидан Жиззах вилояти ички ишлар органлари профилактика инспекторларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш фаолиятига доир билим ҳамда кўникмаларини ошириш бўйича онлайн ўқув йиғини ўтказилди.

Дарс машғулотларида, замонавий интерфаол усулларда ўқув воситаларидан фойдаланилган ҳолда профилактика инспекторларининг хизмат фаолиятини замонавий талаблар асосида ташкил этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Шунингдек, сайёр ўқувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларида белгиланган вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
***
Жиззах вилояти прокурорининг ўринбосари Маъруф Хўжамқулов томонидан аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқот қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш мақсадида Янги йил арафасида Бахмал тумани, “Нушкент” МФЙда сайёр қабул ва ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Сайёр қабулда жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларидан келиб тушган турли мазмундаги мурожаатларнинг 25 таси жойида ижобий ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқиладиган бўлди.

Вилоят прокуратураси томонидан ҳудудлар бўйлаб сайёр қабуллар ўтказиш орқали аҳоли муаммоларига ечим топиш борасидаги амалий ишлар давом этмоқда.
***
Шароф Рашидов туман ҳокимлиги ҳамда Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси томонидан ўтказилган йиғилишда, аҳоли, айниқса, ёшлар онги ва қалбида маънавий фазилатларни юксалтириш, оилада, маҳаллаларда ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамжиҳатликда ишлаш, албатта, маънавий-маърифий соҳада олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини оширишда муҳим ўрин эгаллаши таъкидлаб ўтилди.
Маънавий-маърифий соҳада туманда олиб борилаётган ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди. Тадбирда Президент раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг йиғилишида билдирилган вазифалар ижроси борасида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди ва кўрилган масалалар юзасидан мутасаддиларга керакли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
***
Янги йил байрами арафасида Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи 2 нафар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшга барча шароитга эга уй-жойларнинг калити тантанали равишда топширилди.


Мазкур уй-жойлар Президентимизнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида топширилди.
Эътиборлиси, ушбу уй-жойлар ҳомийлар томонидан тўлиқ уй-рўзғор ва маиший техника жиҳозлари билан таъминланди.
А.Қаюмов,
ЎзА мухбири