Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах вилояти прокурори ўринбосари Т.Худойбердиев, Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов ва бошқа мутасаддилар биргаликда шаҳардаги “Эски шаҳар” буюм савдо комплексида бўлиб нарх-наво билан танишди.

Ушбу савдо мажмуасида янги ўқув йили учун ташкил қилинган “Мактаб ярмаркаси”даги нарх-наво, харидорлар учун яратилган қулайликлар, ўқув қуролларининг етарлилиги, арзонлаштирилган савдо ярмаркалари билан танишди ва мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
***
Фориш тумани маданият бўлими томонидан туман ҳудудидаги Фориш тоғ ҳарбий полигонида жойлашган “н” ҳарбий қисмда Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” шиори асосида байрам дастурхони ёзилиб, концерт дастури намойиш этилди.

Байрам концертида туман бадиий ҳаваскорлари ижросида янграган Она ватанни, тинчликни, шонли армиямизни тараннум этувчи куй-қўшиқ, рақслар ҳарбийларга байрамона кайфият бағишлади.
***
Ғаллаорол тумани ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи томонидан туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими билан ҳамкорликда бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил қилинди.

Тадбирда иштирок этган 60 га яқин туман ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи назорат остида жазо ўтаётган шахсларга ҳудуддаги корхона ва ташкилотлар, муассасалардаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди. Жараёнда 9 нафар маҳкум иш берувчи ташкилотлар билан меҳнат шартномаси имзолаб, доимий иш ўрнига эга бўлди.
***
Шароф Рашидов туманидаги “Самарқанд қудуқ СИУ “Шижоатли диёр” фермер хўжалигида ҳосилдан бўшаган майдонга экилган такрорий экинлардан юқори ҳосил олиш мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Унда Жиззах вилояти агрохизматлар тизимини ривожлантириш бўлими раҳбари З.Ишонқулов ва соҳа олимлари томонидан ҳосилдан бўшаган майдонларга экилган такрорий картошка маҳсулотидан юқори ҳосил олишнинг сир-синоатлари бўйича керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди.
***
Янгиобод тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ва бошқа мутасадди давлат ташкилотлари туман бўлимлари билан ҳамкорликда ҳудудда ўта хавфли юқумли касалликлардан бири “куйдирги” касаллигини олдини олиш ва ушбу касаллик аниқланганда қандай ҳаракатларни амалга ошириш лозимлиги юзасидан тактик ўқув-машғулотлари ўтказилди.

Машғулот жараёнида мутахассисларнинг, аҳоли орасида чорва ҳайвонлари томонидан ўта хавфли юқумли касалликлар келиб чиқишини олдини олиш борасидаги тавсиялари тингланди. Мазкур тактик ўқув-машғулотида иштирокчилар керакли билим ва кўникмаларга эга бўлди.
***
Зомин туманидаги “Бешкуби” маҳалла фуқаролар йиғини биноси фойдаланишга топширилди.

Тумандаги 2-сектор ҳудудида жойлашган “Бешкуби” МФЙ биносининг очилиш маросимида туман ҳокими биринчи ўринбосари, туман прокурори, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Зомин туман бўлинмаси ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Маҳалла фуқаролари мамлакатимиз мустақиллиги ва янги бинони фойдаланишга топширилишини қўшалоқ байрам сифатида тўкин дастурхон атрофида кенг нишонлади.
***
Улуғ айём ва ҳайит кунлари эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, уларга меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизнинг азалий анъанасига айланган.

Дўстлик тумани прокурори, 2-сектор раҳбари С.Раззоқов “Олтин водий” МФЙда яшовчи давлатнинг ғамхўрлиги ва эътиборини кутаётган ҳамда кўмакка муҳтож бўлган қизил тоифадаги 10 дан ортиқ ёш ва уларнинг оила аъзоларини Мустақиллигимизнинг 32 йиллиги байрами кунлари ҳолидан хабар олиб, байрам билан табриклади, эҳтиёжмандларга совға-саломлар улашди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА