Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Дўстлик туманида қишлоқ хўжалигида сувдан унумли фойдаланиш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш мақсадида фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда сувчилар иштирокида “Сувчилар мактаби” ўқув-курси ўтказилди.
Тадбир Сув хўжалиги вазирлиги, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, туман ҳокимлиги ҳамда туман прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Машғулотлар давомида сув ресурсларини шаклланиши, суғориш усуллари, Туркия мисолида замонавий суғориш тизимининг аҳамияти ва сувдан фойдаланиш маданияти, уларни жорий қилиш, иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва шу каби мавзулар бўйича назарий билимлар берилди.
***
Президентнинг Мирзачўл туманидаги Халқ қабулхонасида ўтган навбатдаги аҳоли қабулида фуқаролар уй-жой, субсидия олиш, кредит, бандлик, даволаниш, моддий ёрдам ва бошқа масалалар юзасидан юзага келган муаммолари билан мурожаат қилди.

Мазкур масалалар кўриб чиқилиб, барча мурожаатлар назоратга олинди ва бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Муддат талаб этувчи мурожаатлар ижросини таъминлаш борасида эса зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
***
Зомин тумани “Lеadеrs” ўқув марказида ёшларга мобил илова ҳамда унинг имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилмоқда.

Ёшларга мобил иловани ўргатиш, постер(плакат, афиша, баннер)ларни тарқатиш орқали чет тилларини ўқитиш ва юқори даражада ўзлаштиришларида кўприк вазифасини бажариб бераётганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Ёшлар ишлари агентлиги Зомин тумани бўлими ходимлари томонидан “Ibrat Acadеmy” лойиҳаси ва унинг имкониятлари ҳақида ёшларга маълумот бериш жараёнлари давом этмоқда.
***
Ғаллаорол тумани ҳокими, 1-сектор раҳбари Жалолитдин Оқбоев “Нурафшон” маҳалла фуқаролар йиғини ёшлари билан ўтган учрашувда ёшлар томонидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш, субсидия ва ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган ёшларга ёрдам кўрсатиш масалалари юзасидан мурожаатлар эшитилиб, жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.

Тингланган мурожаатлар юзасидан туман ҳокими соҳа мутахассисларига аниқ топшириқлар бериб, уларнинг ижросини шахсан назоратига олишини таъкидлади.
***
Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев бир гуруҳ нуронийлар ҳамроҳлигида “Оқтошота” МФЙ ҳудуддаги “Янги Ўзбекистон” массивида бўлиб, Президентимизнинг 2021 йил 9 декабрдаги “Янги Ўзбекистон” массивларини қуриш ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан у ердаги 180 ўринли боғча, оилавий шифокорлар пункти ва мактаб биноларидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Маълумот ўрнида, ушбу “Янги Ўзбекистон” массивида жорий йил якунига қадар жами 14 кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилиши белгиланган.
***
“Кўпкураш” ҳарбий ватанпарварлик спорт мусобақасини ўтказиш юзасидан ҳудудий комиссия йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш – вилоят босқичи ўтказилиши белгиланган Жиззах шаҳридаги стадионда ташкил этилди. Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ва ҳамкор ташкилотлар билан мусобақани намунавий ўтказиш, иштирокчилар учун зарур шароитлар яратиш, вилоят босқичини юқори савияда ташкил этиш бўйича барча вазифалар тақсимлаб олинди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА