Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан “Ўқитувчи ва мураббийлар саломатлиги ойлиги” доирасида Фориш туманидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари ўқитувчи, мураббий ва ходимлари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
Жумладан, тумандаги 65 умумтаълим мактаби, 19 мактабгача таълим ташкилоти, болалар-ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 18-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчи-педагогларидан 1 минг 972 нафардан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлар туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Тиббий кўрик давомида саломатлигида муаммоси бор ўқитувчи ва мураббийларга амбулатор ва стационар тартибда даволаниши учун йўлланмалар берилди.
***
Юртимизда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 10 июлдан 10 августга қадар “Долзарб – 30 кун” тадбири ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан Ғаллаорол туманида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида ҳам Ғаллаорол тумани фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Учрашув давомида ёнғинни келтириб чиқарувчи ҳолатлардан эҳтиёт бўлишларини, носоз газ балонлардан фойдаланмасликларини тушунтирилиб, тадбир иштирокчиларига бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан фойдаланиш тартиблари ўргатилди.
***
Республика Бош прокурорнинг ўринбосари С.Самадов хизмат сафари билан Зомин туманидаги аёллар “Мурувват” уйида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари билан танишиш мақсадида ушбу ҳудудда бўлди.

Ташриф давомида қурилиш ишлари бирма-бир кўздан кечирилиб, зарур тавсиялар берилди.
Ўрганиш давомида қурилиш ишларидан камчиликлар аниқланиб, масъуллар ҳамда қурилиш ташкилоти вакилларига таъмирлаш ишларини тезкор ва сифатли якунлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.
***
Жиззах вилояти божхона бошқармасининг “Қўшкент” чегара божхона постида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун қулай шароитлар яратилган бўлиб, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қўшни давлат бозорларига тезкорлик билан кириб бориши таъминланмоқда.

Масалан, жорий йилнинг ўтган 6 ойи давомида пост орқали 11 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги товарлар олиб чиқилиб, қўшни Тожикистон Республикасига экспорт қилинди.
***
Пахтакор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги барча таълим муассаса психологлари учун “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ва уларга қарши курашиш бўйича таълим муассасалари ходимларининг вазифалари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.

Мактаб раҳбарлари ҳамда психолог ўқитувчилар фаол иштирок этган ушбу семинарда болаларга нисбатан зўравонлик шакллари ва уларнинг оқибатлари ҳақида маърузалар тингланиб фикр алмашилди.
***
Дўстлик шаҳрида ташкил этилган “Ишбилармон аёл – 2023” кўрик-танловининг туман босқичида O’zLiDeP Жиззах вилояти кенгаши “Аёллар қаноти” бўлими мудири С.Умаралиева, партия туман кенгаши аппарат раҳбари, 125 нафар тадбиркор ва ҳунарманд хотин-қизлар иштирок этди.

Тадбир O’zLiDeP Жиззах вилояти ҳамда туман кенгаши ташаббуси билан хотин-қизлар фаоллари, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилди.
Танлов якунига кўра 300 нафар иш ўрни яратган, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлари экспортини йўлга қўйган “Do`stlik Innovatsion sumkalari” МЧЖ раҳбари Зуҳра Йигитова 1-ўринни қўлга киритиб, кўрик-танловнинг вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
***
Зафаробод тумани ҳокими Ўткирбек Раҳмонов ўзига бириктирилган ёшлар уларнинг ота-оналари билан учрашиб, уларнинг муаммо ва мурожаатларини ижобий ҳал этишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, тумандаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи ёшларга иш жараёнида фойдаланишлари учун планшетлар берилди. Ўзини ўзи банд қилиши учун қисқа муддатли ўқув курсини битирган қиз-жувонларга тикув машиналари тақдим этилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА