Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ғаллаорол туманида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Тинчлигимиз, тараққиёт ва фаровонлик учун” шиори остида Жиззах вилояти касб-ҳунар таълими ва мудофаа ишлари бошқармалари ҳамкорлигида “кўпкураш” ҳарбий ватанпарварлик спорт мусобақаси ташкил этилди.
Ёшларни ҳарбий ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда жисмонан соғлом баркамол авлодни вояга етказиш мақсадида ўтказилган “кўпкураш” мусобақасида тумандаги касб-ҳунар мактаблари, техникум ва коллеж талаба-ёшлари беш шарт бўйича ғолиблик учун баҳслашди.
Ғолиб ва совриндорлар туман ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***
“Обод кўча” ва “Обод хонадон” дастури доирасида Жиззах шаҳар секторлари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари Бахмал туманида ўзларига бириктирилган “Янгибоғ” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Мусаффо қишлоғида ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.
Шунингдек, дастур доирасида сектор раҳбарлари томонидан Мусаффо қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролар билан кўришиб, уларнинг симёғочлар таъмири, йўл инфратузилмасини яхшилаш ва шу каби муаммолари ҳам ўрганилмоқда.
Олиб борилаётган жадал ишлар ўз ниҳоясига етгач қишлоқнинг қиёфаси ўзгаради, йўл инфратузилмалари янгиланади, маҳалла ва кўчалар янада обод бўлади.

***
Зомин тумани тиббиёт бирлашмасига В.Воҳидов номли Республика Ихтисослаштирилган илмий амалий хирургия маркази директори профессор Саидмурод Исмоилов бошчилигида 15 нафар тор соҳа мутахассислари ташриф буюрди.
Туманда илк бор “Яқин қариндошлар ўртасида буйрак трансплантацияси” жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

***
Дўстлик тумани “Наврўз” маҳалласида кўп йиллар аввал қурилган кўприк бугунги кун талабига жавоб бермай қолган эди.
Кўприк Президентнинг “2023–2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида таъмирланмоқда.

***
Арнасой туманида ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш уларнинг муаммоларини ҳал этиш ҳамда турмуш шароитини яхшилаш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Жумладан, Арнасой туманида “Аёллар дафтари”га киритилган 3-тоифа боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизларнинг 5 нафарига ва 4-тоифа ижтимоий ёрдамга муҳтож 1-2 гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин–қизларнинг 5 нафарига уй-жой таъмири учун қурилиш материаллари тарқатилди.

***
Жиззах вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида тегишли ташкилотлар вакиллари билан биргаликда содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар, уларда инсонларнинг тан жароҳати олиши ва ҳалок бўлиш ҳолатлари олдини олиш мақсадида Жиззах шаҳар ҳудудида жойлашган кўп қаватли биноларнинг ертўла қисмида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди. Тадбиркорлар ва масъул ташкилотлар вакилларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди.

А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА