Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Зарбдорда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган 5 ташаббус олимпиадаси доирасида “Касблар танлови”нинг туман босқичи бўлиб ўтди.
Унда тумандаги “Лалмикор” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Дилшода Тоғаева бичувчи-тикувчиликда тенгсиз эканини намоён этиб, биринчи ўринни эгаллади ва вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Тадбир ташкилотчилари танлов ғолиб ва совриндорларини диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирлади.

***
Шароф Рашидов номидаги вилоят ахборот кутубхона марказида “Энг яхши китобхон оила” кўрик-танловининг Жиззах шаҳар босқичи ўтказилмоқда.
Жиззах шаҳар ҳокимлиги, шаҳар оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш доирасида, ёшларнинг маънавиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган танлов қизғин ва муросасиз беллашувларга бой бўлмоқда.
Биринчи ўринни эгаллаган оила вилоят босқичига йўл олса, ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғаларига лойиқ кўрилиши кўзда тутилган.

***
“Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танловининг навбатдаги ҳудудий босқичига Навоий вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси мезбонлик қилди.
Мазкур танловда Тошкент шаҳри, Наманган, Сирдарё ҳамда Жиззах вилоятлари ФВБ ходимлари иштирок этди. Кўтаринки руҳда ўтган танловда: 1-ўринни Сирдарё вилояти ФВБнинг “Божалар” жамоасига насиб этган бўлса, 2 ва 3- ўринларни мос равишда Жиззах вилоятининг “Суғдиёна” ҳамда Тошкент шаҳрининг “Ўтюрак баҳодирлар”и эгаллади.
Кўрик-танлов якунида ғолиб ва совриндор жамоалар билан бир қаторда барча иштирокчилар эсдалик ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

***
Абдулла Қодирий номидаги Жиззах Давлат педагогика университети ҳузуридаги Мирзачўл агросаноат техникумида бўлиб ўтган “Касб ва ёшлар” фестивалида тумандаги барча мактабларнинг 11-синф битирувчилари ҳам иштирок этди.
Тадбирда битирувчилар техникум фаолияти билан яқиндан танишди ҳамда ўзларини қизиқтирган саволларига атрофлича жавоблар олди. Шунингдек, тадбир сўнгида техникум талабалари томонидан тайёрланган концерт дастури барчага манзур бўлди.

***
Зафаробод тумани “Чимқўрғон” ҚФЙ аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилиб, унга туман тиббиёт бирлашмасининг олий тоифали врач ва ҳамширлари жалб этилди. Тиббий кўрикда эндокринолог, травматолог, невропотолог, терапевт, кардиолог, норколог, тери-таносил, окулист, болалар жарроҳи, акушер-гинеколог, ЭКГ, УТТ (УЗИ) каби 14 та йўналиш бўйича чуқурлаштирилган тиббий текширувлар амалга оширилди.
Шу куннинг ўзида шифокорлар томонидан 420 нафардан ортиқ аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

***
Президентимизнинг 2022 йил 19 январдаги “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва 2022-2023 йилги битирувчи ёшлар билан суҳбат қуриш мақсадида “Мактабим – олтин даврим” номли тунги мусиқий кеча ташкил этилди.
Тадбирда Арнасой тумани мактабгача ва мактаб таълими, маданият бўлимлари раҳбарлари ҳамда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муҳаррам Абдухалилова иштирок этиб, битирувчи ёшларга катта ҳаёт йўллида қўйиладиган илк қадам ҳақида маслаҳат ва тавсиялар берди.

Тадбир ниҳоясида намойиш этилган концерт дастури ёшларга хуш кайфият улашди.
А.ҚАЮМОВ, ЎзА