Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой тумани фермер хўжаликлари томонидан 199 гектар майдонда узум етиштирилади. Бу ерда 400 нафардан зиёд киши доимий ва мавсумий иш билан банд.

Ўтган 2022 йил туманда узум етиштириш бўйича 25 гектар янги токзорлар барпо этилди. Жорий йилда бу кўрсаткич 2 баробарга ошмоқда. Жумладан, “REYAL TOKZORLAR KLASTERI” МЧЖ томонидан жами 120,1 гектар узумчилик ва сабзавотчилик учун ер майдони ажратилган. Узумчилик лойиҳаси учун 50 гектар ер майдонига иқлимлаштирилган оқ, қора кишмиш узум кўчатларини экиш режалаштирилди. Айни пайтда 8 гектар майдонга 9 минг донадан ортиқ ток кўчатлари экилди.
***
Бахмал туманида “Аëллар тадбиркорлиги юрт фаровонлиги” мавзусида ишсиз аëллар ўқув марказларида ўқитилмоқда.

Бахмал тумани хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Бувражаб Бобомуродова, “Оқила аëллар ҳаракати” етакчиси Саодат Ëқубовалар маҳаллабай тизимида тадбиркорлигини бошлаётган хотин-қизларга маъруза қилиб, давра суҳбатлари ўтказмоқда.
***
Зафаробод туманида яшовчи “Темир дафтар” рўйхатида турган оилаларга Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 февралдаги вилоятга ташрифи доирасида юклатилган вазифалар ижроси доирасида “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан қуёш иситиш тизими ўрнатиб берилмоқда.

Бугунги кунгача тумандаги ана шундай 10 та оилага ана шундай ускуналар ўрнатилди. Қуёш сув иситиш тизимини ўрнатилиши самарасида фуқароларга қулай шароит яратилиши билан бирга электр энергияси тежалишига ҳамда бу оилалар учун ортиқча сарф-харажатларни тежашга эришилади.
***
Дўстлик тумани ҳокими Шавкат Дарвишев ҳудуддаги давлат мактабгача таълим ташкилотларида бўлиб, тарбияланувчиларнинг тўғри овқатланиши ва уларга яратилган шароитлар, таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишди.

Жумладан, тумандаги 2-сонли “Юлдузча” ДМТТда болаларга етказиб берилаётган озиқ-овқат таъминоти, муассасадаги муаммолар ўрганилиб, мутасаддиларга аниқ кўрсатма ва топшириқлар берилди.
***
Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев сектор раҳбарлари ҳамда халқ таълими масъуллари билан биргаликда самарали меҳнатлари ортидан шогирдлари яхши натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ ўқитувчилар билан учрашди.

Мулоқот давомида туман ҳокими таълим бериб келаётган ўқувчилари умумтаълим фанларини аъло баҳоларга ўзлаштириб, турли фан олимпиядалари, кўрик-танловларда фахрли ўринларни қўлга киритганлиги, намунали хулқи билан тенгдошларига ўрнак бўлиб келаётгани, шунингдек, республикамизнинг нуфузли олий таълим муассасалари талабалари бўлиб, юртимиз равнақи учун комил инсонлар бўлиб тарбияланишлари йўлида хизмат қилаётган бир гуруҳ ўқитувчиларни эътироф этиб, уларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА