Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Мирзачўл туманида Жиззах вилояти ҳокимининг ўринбосари Л.Аҳмаджонов бошчилигида тарғибот гуруҳи аъзолари билан биргаликда “Диний экстремизм ва терроризм, гиёҳвандлик – жамият тараққиётига таҳдид” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Ўқувчи ёшлар иштирок этган маънавий-тарбиявий тадбирда гиёҳвандлик, терроризм, диний экстремизмга, яъни жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозимлиги таъкидланди.
Тадбир якунида белгиланган дастурга асосан намойиш этилган “Терроризм хуружи ёхуд сохта даъволар” номли ҳужжатли фильм иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Фориш тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи С.Ҳафизов сектор ҳудудидаги “Осмонсой” МФЙ маъмурий биносида МФЙ раислари, маҳаллаларга тайинланган ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаоллари билан 2023 йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан суҳбат ўтказди.
Сектор раҳбари суҳбат давомида маҳалладаги кам таъминланган эҳтиёжманд оилаларни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” га киритиш, маҳаллалардаги мавжуд ишсизларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида субсидия ва кредит маблағлари ажратиш, томорқалардан унумли фойдаланиш бўйича ўз тавсияларини берди.

Янгиобод тумани ҳокими Иброҳим Қаршибоев қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, фаоллари ва ёшлар билан учрашувлар ўтказмоқда.
Жумладан, “Сармич” МФЙда ўтказилган мулоқотда туман ҳокими ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар, ташкил этилаётган янги иш ўринлари, аҳоли ва ёшлар учун яратилаётган шароитлар ва имкониятлар хусусида суҳбатлашди.
Шунингдек, тадбиркорлик истагида бўлган ёшларни қўллаб-қувватлаш ва бу борадаги имтиёзлар, банк кредитлари бўйича янгиликлар, ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш мақсадида ижара шартномаси асосида аҳолига ер ажратиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ва унинг афзалликлари, жорий йилда маҳалла инфратузилмасини яхшилаш бўйича қилинадиган ишлар ҳамда шу каби янгиликлар юзасидан аҳоли ва ёшларга тушунтиришлар берилди.

Дўстлик тумани ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари томонидан ёғингарчилик туфайли йиғилиб қолган сувларни чиқариш ишлари олиб борилмоқда.
Хусусан, бугунги кунда туман марказидаги “Дўстлик” кўчаси, “Чинобод” МФЙ ҳудудида жойлашган барак типидаги уйлар атрофлари, “Саноатчилар” МФЙ ҳудудидаги “Саноатчилар” кўчаси ҳамда туман “Деҳқон бозори” атрофида тўпланиб қолган сувлар чиқариб ташланмоқда. Бу ишларга бошқарманинг 3 та махсус техника ҳамда 40 нафар ишчи жалб қилинган. Бундан ташқари, туман марказий кўчаларида маиший чиқиндиларни тозалаш ва ободонлаштириш учун ҳақ тўланадиган жамоатчилик иши бўйича 70 нафар аёл ҳам иш олиб бормоқда.

Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев фуқаролар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда фуқаролар уй-жой билан таъминлаш, уй-жойларни таъмирлашда кўмаклашиш, ичимлик сув билан таъминлаш, бола пули, моддий ва тиббий ёрдам бериш масалалари бўйича мурожаат қилди.
Мурожаатчилар томонидан кўтарилган масалаларнинг 30 фоизи шу жойнинг ўзида ижобий ҳал қилинди. 10 фоизига ҳуқуқий тушунчалар берилди. Қолган масалаларда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича тегишли масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА