Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 февраль куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида берилган топшириқлар доирасида Республика Пахтачилик кенгаши ҳузуридаги Шароф Рашидов тумани ишчи гуруҳи тавсияси асосида фермер хўжалиги дала четидан мақсадли фойдаланиш ишлари йўлга қўйилди.
Жумладан, тумандаги “Исоқ бобо” фермер хўжалиги дала четига 400 туп узумнинг сўғдиёна, чарос ва бошқа бозорбоп навларини экиш ишлари бошланди. Ҳаво ҳарорати илиши билан дала четларига смородина, наъматак, ошқовоқ, булғор қалампири, райҳон ва кўкатлар ҳамда бошқа экин турлари экиш режалаштирилган.

***
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 24 майдаги “Аҳолининг ичимлик сув таъминоти ва оқова сув хизматлари билан таъминланганлик даражасини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлаш борасида Ғаллаорол туманида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу қарор ижроси доирасида аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида Ғаллаорол тумани “Қашқабулоқ” МФЙ ҳудудидаги Янгиобод қишлоғига сув иншооти қурилиб, 3,1 километр узунликдаги тоза ичимлик сув тармоғи тортилди ва қишлоқ аҳолиси тўлиқ тоза ичимлик суви билан таъминланди.

***
Бахмал туманида маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, умумтаълим мактаблари ўқувчиларга 2+1 касб-ҳунар ва битта хорижий тил ўрганиш бўйича ўқувчиларнинг билим кўникма олишига алоҳида эътибор бериш юзасидан мактаб директорлари иштирокида ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Семинар иштирокчилари тумандаги 50-сонли мактаб ўқувчиларининг касб-ҳунарларни ва битта хорижий тилни мукаммал ўрганаётганига гувоҳ бўлишди.

***
Президентимизнинг Жиззахга ташрифи давомида вилоят иқтисодиётини ривожлантиришда “яшил энергия” дан самарали фойдаланиб, фермер хўжаликларидаги деҳқон уйларига, корхона, ташкилот, муассасалар ўз эҳтиёжлари учун 5, 10, 15 мегаваттли қуёш панелларини ўрнатиши лозимлигини таъкидлади.
Ушбу топшириққа асосан Осиё тараққиёт банки иштирокида Фориш туманида 150 мегаваттли йирик қуёш станцияси лойиҳаси бошланиши белгиланди. Мазкур станция тўлиқ қувватда ишласа 370 миллион кловатт соат электр ишлаб чиқаради. Энг муҳими ушбу лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланди.

***
Президентимизнинг 2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Мирзачўл туманида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, тумандаги “Мустақиллик” МФЙдаги ишсиз хотин-қизлар бандлигини таъминлаш мақсадида ҳунармандчиликнинг рўмол тўқиш, дўппи тикиш, тикувчилик, чўқима кашта ва қуроқчилик турлари бўйича миллий ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилди.

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА