Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Фориш тумани ҳокими “Оқтом” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилаётган ободонлаштириш, ҳовли-жойларни тартибга келтириш ишлари билан танишиб, аҳоли билан мулоқотда бўлди.
– Оқтом маҳалласи Фориш туманининг дарвозаси ҳисобланиб, туманимизга келган меҳмон бу ердаги ҳолатни кўриб, бошқа маҳаллаларимиз ҳолатига ҳам баҳо беради, – деди туман ҳокими И.Матиев. Кунларнинг исишидан унумли фойдаланган ҳолда маҳалладаги ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш, аҳоли хонадонлари, ҳовли-жойлар, кўчаларни, ижтимоий соҳа объектлари атрофини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этиш юзасидан зарур топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Дўстлик тумани “Чинобод” маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида аҳоли турар-жойлари қурилиши қизғин давом этмоқда. Ушбу массивда ўтган 2022 йилда битта 5 қаватли 20 хонадонга мўлжалланган уй қурилиб аҳолига топширилган эди. Айни пайтда эса навбатдаги 5 қаватли турар-жой қурилиши жадал олиб борилмоқда. Жорий йилги режага мувофиқ, массивда яна янги аҳоли турар жойлари қурилишига алоҳида эътибор қаратилган.

Бахмал туманидаги Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларига қарашли “н” ҳарбий қисмда йигитлик бурчини ўтаётган муддатли ҳарбий хизматдаги аскарлар иштирокида туман марказида жойлашган ахборот-кутубхона марказига саёҳат ташкил этилди. Ушбу тадбир мобайнида аскарлар кутубхонага аъзо бўлди ва ўзлари ёқтирган китобларни мутолаа қилди. Шунингдек, АКМ ходимлари томонидан ҳарбий хизматчиларга кутубхонанинг электрон базасидан фойдаланиш хусусида ҳам атрофлича тушунчалар берилди. Келгусида бу каби тадбирларни мунтазам равишда ўтказиб боришга келишиб олинди.

Жаҳон банки вакиллари ва Зомин тумани ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида “Пешағор” маҳалла фуқаролар йиғинида “Қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида учрашув ўтказилди. Ҳоким ёрдамчиси Б.Умурзаков томонидан “Пешағор” МФЙ ҳудуди, аҳолиси, географияси, драйвери, бандликни таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш йўналишида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот бериб ўтилди.

Мирзачўл тумани ИИБда шахсий таркибга маърифат дарсида қонунчиликдаги ўзгаришлар ва ҳафта давомидаги янгиликлар етказилиб, қонун бузилиш ҳамда ижрочилик интизомини мустаҳкамлаш бўйича юборилган кўрсатмалар ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, Президентимизнинг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилиб, ушбу ҳужжатдан келиб чиқадиган вазифалар белгилаб олинди.

Ғаллаорол туман прокурори С.Раззоқов аҳоли хонадонларидаги ва ижтимоий соҳа объектларидаги долзарб муаммоларни ўз вақтида ечиш, энергия самарадорлигини, бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини, жамоат транспорти хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2-сектор ҳудудидаги “Тозауруғ” ва “Гулистон” қишлоқ фуқаролар йиғинларида уйма-уй юриб, фуқароларнинг муаммоларини ўрганди. Мутасаддиларга муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш борасида тегишли кўрсатма ва тавсиялар берди. Шунингдек, “Гулистон” ҚФЙда қурилаётган маҳалла биносининг қурилиш ишлари жараёнини ўрганиб, мутасаддиларга ўз кўрсатма ва таклифларини билдирди.

Зарбдор туманида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таълим тизимини рақамлаштириш ишлари қизғин давом этмоқда. Шу мақсадда тумандаги умумтаълим мактабларида дарс жараёнларини рақамли технологиялардан унумли фойдаланган ҳолда машғулотларини қизиқарли ва сифатли ўтиш ҳамда ўқитувчиларга қулайлик яратиш мақсадида 84 дона “Artеl smart-tv” телевизорлари умумтаълим муассасаларига тарқатилди.

Зафаробод тумани “Узун” ҚФЙда, туман ҳокими Ў.Раҳмонов томонидан аҳоли учун сайёр қабул бўлиб ўтди. Очиқ ва самимий мулоқот тарзида кечган қабулда фуқаролардан 15 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг асосий қисми банк кредитлари, йўллар таъмири, газ, электр тармоқларини таъмирлаш ва бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил этди.
Қабулда кўтарилаётган ҳар бир масала алоҳида назоратга олиниб, муддат талаб қиладиган мурожаатлар ечимини топиш юзасидан мутасаддиларга қатъий топшириқлар берилди.

Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ масъул раҳбарлари ҳамда шаҳар туман ЙҲХ бўлими ходимлари томонидан автошоҳбекатларда ҳайдовчи, йўловчи ва пиёдалар иштирокида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Мазкур тарғибот тадбирларида йўл-транспорт ҳодисаларининг содир этилиши сабаблари, ҳайдовчиларнинг ҳушёрликни йўқотиши, белгиланган тезлик меъёрларига амал қилмаслик оқибати ҳақида сўз юритилди. Мазкур профилактик тарғибот тадбирларидан кўзланган асосий мақсад, ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлаш улар билан содир этилиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилгандир.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш қатъий назоратга олинган. Тизимдаги юзага келган муаммоларни бартараф этиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Жиззах сув таъминоти” МЧЖнинг шаҳар бўлими ходимлари томонидан, шаҳарнинг “Дўстлик” МФЙ ҳудудидаги сув насоси таъмирланиб, ишга туширилди ва маҳалла аҳолиси тоза ичимлик суви билан тўлиқ таъминланди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА