Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги қуйи тузилмаларида ўрганишлар ўтказиш, жойларда ёшлар сиёсати ва спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги, жумладан, тизим раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш ва белгиланган устувор вазифалар юзасидан қўшимча чора-тадбирларни белгилаш мақсадида Жиззах вилоятида ишчи гуруҳи ўз ишини бошлади.
Ишчи гуруҳ томонидан Жиззах шаҳридаги спорт комплекслари, ёшлар сиёсати ва спорт соҳасидаги масъул ходимлар, маҳаллалардаги ёшлар етакчиларнинг фаолияти билан таништирилди.
Мирзачўл туман оила ва хотин-қизлар бўлими томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларидаги хотин-қизлар фаолларининг малакасини ошириш мақсадида Президентнинг 2022 йил 29 июндаги “Маҳаллаларда ижтимоий хизматларни кўрсатиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам бериш тизимини янги босқичга кўтариш ҳамда хотин-қизларни касбга ўргатиш ишларини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бўйича “Маҳалла фаолининг оилалар билан ишлаш механизми ва структураси” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди.
Семинар давомида маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган хотин-қизлар фаоллари ижтимоий хизмат кўрсатишда онлайн ишлаш, планшетлар ва янги дастурдан фойдаланиш бўйича зарур маълумотларга эга бўлди.

Ғаллаорол туман прокурори С.Раззоқов 2-сектор ҳудудида жойлашган “Гулистон” қишлоқ фуқаролар йиғинидаги 8-сонли оилавий поликлиника ва “Булоқбоши” ҚФЙдаги “Зарбулоқ” оилавий шифокорлик пунктига бориб, у ердаги беморлар учун яратилган шарт- шароитлар, иситиш тизимларини ўрганди.
ҚФЙ фаоллари ҳамда тиббиёт ходимлари билан учрашиб, улар билан мулоқотда бўлди ва юзага келган баъзи муаммолар бўйича мутасаддиларга тегишли тавсия ва кўрсатмалар берди.

Глобал муаммоларга айланиб бораётган терроризм, айирмачилик, сепаратизм, уюшган жиноятчилик, шу жумладан, коррупция авж олаётгани дунё жамоатчилигини ташвишга солмоқда.
Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасида ўтказилган тадбирда ҳам қатнашчиларга коррупцияга қарши курашиш борасида мамлакатимизда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти, бу борада жорий йилда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича атрофлича маълумотлар берилди.

Фориш туманидаги 4 та сектор ҳудудидаги 25 та маҳалла фуқаролар йиғинларида “Аёллар дафтари”нинг тўртинчи босқичини шакллантириш мақсадида маҳалла хотин-қизлар фаоллари, секторга бириктирилган ишчи гуруҳ аъзолари томонидан хонадонма-хонадон юриш орқали аёллар муаммолари ўрганилмоқда.
Бугунги кунда туманнинг 1-сектор ҳудудидаги “Боғдон” маҳалласида 3 минг 453 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1 минг 719 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалла хотин-қизлар фаоли Садбарг Саидова маҳаллада “Аёллар дафтари”нинг тўртинчи босқичини шакллантириш мақсадида хонадонма-хонадон юриб, ижтимоий кўмакка муҳтож хотин-қизлар муаммоларини ўрганмоқда.

Пахтакор тумани “Ғалаба” МФЙда 2023 йилда соатига қуввати 60 метр куб бўлган, қиймати 3 миллиард 800 миллион сўмлик бетон ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш мўлжалланган.
Туркияда ишлаб чиқарилган технологиялар олиб келиниб, ўрнатилмоқда. Лойиҳа ишга туширилгач, 6 та доимий ва 6 та мавсумий иш ўринлари яратилади.
А.Қаюмов, ЎзА