Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Мирзачўл туманида Президентимизнинг 2022 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 31 йиллигини ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши доирасида хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Чегара қўшинларига қарашли “н” ҳарбий қисм раҳбарияти, қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар фаоллари билан биргаликда ҳудуддаги фронторти меҳнат фахрийлари, кам таъминланган оилалар, ётиб қолган беморлар ҳолидан хабар олмоқда. Жумладан, улар томонидан тумандаги “Боғбон” қишлоқ фуқаролар йиғинида худди шундай хайрли ишни амалга ошириб, ҳолидан хабар олинган оилаларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
***
Арнасой туманида ўқувчи-ёшларнинг қишки таътилини мазмунли ўтказиш мақсадида туман ҳокимлиги томонидан эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун Жиззах шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Сайёҳат аввалида ёшлар вилоят мусиқали драма театрида ўқувчи-ёшлар учун саҳналаштирилган “Қиш эртаклари” спектаклини мириқиб томоша қилди. Сўнгра Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним номидаги музейда бўлиб, ўзбек адабиётининг икки атоқли шоирларига оид экспонатлар билан танишди.
***
Янгиобод тумани 1-сектор ҳудудига қарашли “Совот” ҚФЙ ҳудудида ишчи гуруҳ аъзолари ва сектор масъуллари иштирокида янги йилнинг биринчи кунларида бевосита аҳоли кайфиятига таъсир қилувчи, айниқса, ижтимоий соҳа объектларида энергия ресурслари таъминоти ва бошқа масалалар юзасидан ўрганишлар амалга оширилди.

Шунингдек, ҳудуддаги мавжуд дорихоналарда фойдаланиш тақиқланган ва инсон, айниқса, болалар ҳаёти учун зарарли бўлган дори воситаларини савдодан олиб ташлаш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
***
Бахмал тумани ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари маҳаллаларда аҳоли норозилигига сабаб бўлувчи муаммоларни, айниқса, энергия ресурслари таъминоти, озиқ-овқат нархларининг барқарорлиги ва бошқа масалаларни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни ҳал этиш бўйича бириктирилган масъул раҳбарлар билан биргаликда аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларида бўлди. Масъулларга тегишли топшириқ ва зарур кўрсатмалар бериб, муаммолар жойида бартараф этилди.

Шунингдек, 3-сектор ҳудудидаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
***
Шароф Рашидов тумани ИИБ бошлиғи, подполковник А.Муратов 3-сектор ҳудудидаги аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришдаги муаммоларни жойига чиқиб ўрганди.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиб, суюлтирилган газ баллонига эҳтиёжи бор хонадонларга шу вақтнинг ўзида қўшимча газ баллонлар етказиб берилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА