Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Давлатимиз раҳбари томонидан мактабларда ёшларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқитиш, умумтаълим мактабларини замонавий компютер техникалари билан таъминлаш бўйича берган топшириқлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу топшириқ асосидаги 2021 йил 29 ноябрдаги “Ёшларни “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида ўқитиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори ижросини таъминлашга Ғаллаорол тумани халқ таълими бўлимида алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни пайтда, туман маҳаллий бюджетининг харажатлар режасини ошириш ҳисобига шакллантирилган маблағлари ҳисобидан ҳудуддаги 6 та: 5-, 10-, 12-, 17-, 27-, 91-умумтаълим мактабларига компьютер жамланмалари етказиб берилди.
***
Халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши котибияти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг “Энг яхши ижтимоий ташаббус” ҳамда “Маҳалла – беш ташаббус бешиги” кўрик-танловларининг Жиззах вилояти босқичи ғолиб спортнинг совриндор ва турли номинация соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
“Энг яхши ижтимоий ташаббус” кўрик-танловида 1-, 2- ва 3-ўринлар ҳамда 5 та номинация бўйича, жами 15 нафар иштирокчи, шунингдек, “Маҳалла – беш ташаббус бешиги” кўрик-танловида 1-ўрин Дўстлик туманидаги “Манас” маҳалла фуқаролар йиғини, 2-ўрин Пахтакор тумани “Боғишамол” МФЙ ҳамда 3-ўрин Ғаллаорол тумани “Тозауруғ” қишлоқ фуқаролар йиғини вакиллари лойиқ топилди.
Ғолиб, совриндор ва турли номинация соҳиблари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Мамлакатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган, юксак маънавиятли, оилада ва фарзандлар тарбиясида ибратли, ўзлари фаолият кўрсатаётган ташкилот нуфузини оширишда фаол иштирок этаётган турли соҳа эгалари бўлган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинаётган “Йил аёли” республика кўрик-танловининг Фориш тумани босқичи ўтказилди.
18 нафар хотин-қиз иштирок этган мазкур танловда тумандаги 11-сонли умумтаълим мактабининг физика фани ўқитувчиси Нилуфар Хурсанова ғолиб деб топилди. Энди у кўрик-танловнинг вилоят босқичида Фориш тумани шарафини ҳимоя қилади.
***
Зарбдор тумани болалар-ўсмирлар спорт мактабида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Зарбдор тумани бўлинмаси ҳамда туман спортни ривожлантириш бўлими ҳамкорликда стол тенниси спорт тури бўйича 13-16 ёшдаги ўсмир ўғил ва қиз болалар ўртасида “Маҳалла кубоги” мусобақасининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Унда тумандаги мавжуд 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлиб ўтган 1-босқичда ғолибликни қўлга киритган ўсмир ўғил ва қиз болалар жуфтлигидан ташкил топган 32 та жамоа 3-вилоят босқичи йўлланмаси учун баҳс олиб борди.
[gallery-9576]
***
Республика Маънавият ва маърифат маркази Бахмал тумани бўлинмаси томонидан тумандаги ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиларга йиғилиш семинар-тренинг ташкил этилди.
Тадбирда Президентимизнинг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси ва умумтаълим мактабларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар томонидан 2022-2023 ўқув йилининг I чораги давомида амалга оширилган ишлар ҳамда II-чораги учун режалаштирилган вазифалар бўйича белгиланган чора-тадбирлар юзасидан давра суҳбати ташкил этилиб, ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирокида эса қизиқарли тренинг ўйинлари ўтказилди.
***
Бугунги кунда оилавий ажримлар долзарб муаммо, жамиятимизнинг оғриқли нуқтасига айланиб улгурди. Шу муносабат билан Зафаробод тумани хотин-қизлар бўлими томонидан ажрим ёқасига келиб қолган оилалар ва кўп муддатдан буён бирга яшамаётган эр-хотинлар муаммолари ўрганиб чиқилди.
Ушбу йиғилишда 5 та ажрим ёқасига келиб қолган оилалар муаммолари муҳокама қилиниб, улардан 3 та оила яраштирилди ва 2 та оила аьзоларига ярашиш учун муддат берилиб, назоратга олинди.
***
Мирзачўл туманида аҳоли, айниқса хотин-қизларнинг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида семинар-тренинг ташкил этилди.
Акциядорлик тижорат “Халқ банки” Мирзачўл туман филиали ҳамда туман оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда имтиёзли кредит олиб, ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилди. Ярмарка иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА