Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш орқали уларнинг маънавий-сиёсий онгини юксалтириш, ёзувчи, адиб ва мутафаккирларнинг адабий меросини, ибратли ҳаёти ва ижтимоий фаолиятини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тарғиб этиш, шунингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигининг 2022 йил 19 октябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида “Ёш китобхон” танловини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қўшма қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ғаллаорол тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ёш китобхон танлови”нинг туман босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг қуйи маҳалла ва секторлар босқичида ғолибликни қўлга киритган 1 минг 94 нафар ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Жиззах вилоятида 29 миллион 700 минг AҚШ доллари қийматидаги 66 минг 900 тоннадан зиёд мева-сабзавот экспорт қилинди. Бу ўтган 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 19,3 фоизга кўпдир.
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойлари давомида мева-сабзавот маҳсулотлари жами экспортнинг 20 фоизини ташкил этди. Ушбу мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия Федерацияси, Қозоғистон, Хитой Халқ Республикаси ҳамда Покистон давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

Президентимизнинг жорий йил 16 майдаги “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси доираси Фориш туманидаги қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хотин-қизлар фаоллари, патронаж ҳамширалар иштирокида тадбир ўтказилди.
Тадбирда туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази ҳамда кўп тармоқли марказий поликлиника врачлари вирусли инфекциялар, жумладан, гепатит турлари, коронавирус, Қрим-Конго вируси, қутириш касаллигини олдини олиш юзасидан йиғилиш қатнашчиларига батафсил маълумот, тавсия ва тушунчалар берди.

“ARNASOY GOLD TEX” масъулияти чекланган жамиятида туман адлия бўлими ва давлат хизматлари маркази ходимлари ҳамкорлигида сайёр хизмат ташкил этилди.
Ҳафтанинг сўнги иш куни бўлишига қарамай ушбу МЧЖдаги сайёр тартибда давлат хизматлари кўрсатилди ҳамда адлия бўлими ходимлари томонидан фуқароларни қийнаб келаётган саволларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Президент талим муассасалари Агентлиги тизимидаги Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ихтисослаштрилган мактаби ва “Jizzax Kеntеks” МЧЖ ўртасида меморандум имзоланди.
Бундан кўзланган мақсад кадрлар тайёрлаш ва илм-фан натижаларидан фойдаланишда таълим ва ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ўзаро яқин мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида амалий машғулотлар ўтказиш кўзда тутилган.

Жиззах шаҳар ҳокими К.Холмуродов, шаҳар ҳокимининг инвестициялар ва ташқи савдо бўйича ўринбосари Х.Холмаматов ҳамда Туркиянинг “D&B Masters” компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Жиззаҳ шаҳрида барпо этиладиган “Tеxnopark” лойиҳаси юзасидан музокаралар олиб борилди.

Бахмал туманида истиқомат қилувчи 15 нафар чин етим болаларга маиший техника, спорт жиҳозлари, ўқув-инвентарлари туҳфа қилинди.

Туман ҳокими, болалар масалалари бўйича комиссия раиси М.Анорбоев, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Ф.Нигматова ҳамда туман комиссияси аъзолари иштирокида вилоят ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилган “Меҳр дафтари” жамғармаси ҳисобидан тумандаги етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг 15 нафарига 70 миллион 500 минг сўмлик турли жиҳозлар туҳфа этилди.
А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА