Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Бахмал туманида ўрмон хўжалиги ходимлари ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Зарбдор 40 кунлик” бошланди.
Маълум қилишларича, жорий йил мавсуми учун кўчатхоналарда кўчатлар саноқдан ўтказилиб, 10 турдан ортиқ манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экишга тайёр ҳолатга келтирилган.
* * *

Дўстликда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгашининг конференцияси бўлиб ўтди.
Унда ўтган 5 йиллик фаолият сарҳисоб қилиниб, келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган режалар белгилаб олинди. Ўтган йиллардаги фаолияти давомида фаоллик кўрсатганлар рағбатлантирилди.
Нигора Қаршиева Ёшлар иттифоқи Дўстлик туман кенгаши раиси вазифасига қайта сайланди.
* * *
Фориш туман фавқулодда вазиятлар бўлими, миллий гвардия ҳамда “Фориштумангаз” корхонаси ходимлари тумандаги мактабгача таълим ташкилотларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганмоқда.

Ўрганиш жараёнида аниқланган камчиликларни бартараф этиш билан бирга, мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари ўртасида ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, болаларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари сифати, тартиб-интизом ва боғчаларнинг ободонлигига ҳам эътибор қаратилди.
* * *
Марказий ҳарбий округ, Жиззах вилояти нуронийлар кенгаши, Зарбдор тумани мудофаа ишлари бўлими билан ҳамкорликда Бўстон шаҳарчасида жойлашган 26-мактаб ёшлари учун “Армиям – менинг фахрим” шиори остида мардлик ва жасорат дарслари ташкил этилди.
Ёшларга фахрий ҳарбийлар қизиқарли ҳаётий воқеаларни ҳикоя қилиб берди ва уларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
* * *
“21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни” муносабати билан Жиззах шаҳрининг марказий шоҳ кўчаси ва аҳоли гавжум масканларига ўзбек тилини улуғловчи ҳикматли сўзлар, шеърий сатрлар акс эттирилган тасвирий тарғибот воситалари жойлаштирилмоқда.
* * *
Мирзачўл туман халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактабларининг 7-11 синфлари ўқувчи қизлари ўртасида “Эрта никоҳ ва унинг олдини олиш”, “Эрта туғруқ ва унинг салбий оқибатлари” мавзуларида давра суҳбатлари бўлиб ўтмоқда.

Шифокор-эндокринологлар, ўсмирлар шифокорлари, оила ва хотин-қизлар туман бўлими етакчи мутахассислари маърузалар ўқимоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА