Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Умид ниҳоллари – 2022” спорт мусобақаларининг финал босқичида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган Дўстлик тумани ХТБга қарашли 13-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 5 нафар ўқувчисига Президент совғалари берилди.

Уларга 3 дона ноутбук, 1 дона телевизор, 1 та велосипед, медаль ва диплом топширилди.
* * *

Мирзачўл тумани ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол аёлларга Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамованинг ташаккурнома ва табрикномалари топширилди.
* * *
Ёшлар ишлари агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси бошлиғи маҳалла ёшлари етакчилари фаолияти билан танишиш учун Зомин туманида бўлиб, “Ёшлар маркази” биносида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.
“Ёшлар дафтари”га киритилганларга субсидиялар ажратиш масалалари муҳокама қилинди. Шу маблағлар асосида ўз бандлигини таъминлаган ёшлар билан учрашилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.
* * *
“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида Жиззах шаҳар ҳокимлиги томонидан дам олиш кунлари “Заковат” интеллектуал ўйини ҳамда спортнинг шахмат, шашка турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Молия бўлимлари, ғазначилик бўлинмаси ва бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ходимлари ўртасида кечган баҳсларда умумжамоа ҳисобида Жиззах шаҳар молиячиларининг қўли баланд келди.
* * *
Зафаробод тумани маҳаллаларида аҳоли бандлигини таъминлаш, улар даромадини ошириш мақсадида қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган ҳоким ёрдамчилари томонидан хайрли ишлар амалга оширилмоқда.

Тумандаги “Лолазор” ҚФЙга бириктирилган ҳоким ёрдамчиси ташаббуси ва кўмаги билан шу ҳудудда яшовчи фуқарога 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилиб, ушбу маблағ ҳисобига юк ташиш мотоцикли олиб берилди.
* * *
Фориш туман ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар туман бўлими бошлиғи Элнора Умматова энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг 31 йиллик қутлуғ тўйи нишонланаётган шу кунларда тумандаги бир қатор меҳнат фахрийлари, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож оилалар, тўшакда ётиб қолган беморлар хонадонларида бўлиб, улар ҳолидан хабар олди.

Кам таъминланган, ўзгалар кўмагига муҳтож инсонларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА