Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Жиззах вилоят бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси мазмун-моҳияти муҳокамасига бағишлаб матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар, адлия бошқармалари, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятлари вилоят филиаллари раҳбар ва масъуллари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг матбуот хизмати раҳбарлари иштирок этди.
Мазкур қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини ўзгартириш меъёрлари ҳар жиҳатдан ўрганиб чиқилиб, таҳлил қилингани ва бу жараёнда халқаро тажрибалар инобатга олинганига эътибор қаратилгани ҳақида сўз борди.
Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармалари ташаббуси билан вилоят судлари, “Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” ҳамда “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик корхоналари вилоят филиаллари билан ҳамкорликда очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Унда фуқаролар ва тадбиркорлар ер, кадастр назорати, маъмурий амалиёт, вилоятда қанча ер майдони ўзбошимчалик билан ноқонуний эгаллаб олинган, бунга қандай чоралар кўрилганлиги ва амалга оширилган ишлар, ҳужжатларни расмийлаштириш, давлат рўйхатидан ўтказиш ва кадастр билан боғлиқ бошқа маълумотлар муҳокама этилди.
Шароф Рашидов туман 2-сектор ҳудудида жойлашган туман халқ таълими бўлимига қарашли 20-сонли умумий ўрта таълим мактабида 370 ўринли қўшимча бино қурилиши ҳамда 630 ўринли мавжуд бинони мукаммал таъмирлаш, 330 ўринли асосий мактаб ва 40 ўринли мактаб филиали биносини қуриш, таъмирлаш ишлари қизғин олиб борилмоқда.
“АЛФА ПЛЮС” хусусий коронаси томонидан амалга оширилаётган ишлар билан туман прокурори яқиндан танишди.
Ногиронларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятда ўз ўринларини эгаллашига имкониятлар яратиш мақсадида Арнасой туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими, Ўзбекистон “Кўзи ожизлар” ва ногиронлар жамияти туман бўлими иштирокида уйда ётиб қолган 1-гуруҳ ногиронлиги бор ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож нуронийлар ҳолидан хабар олинди.
Эҳтиёжмандларга туман тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими томонидан овоз чиқарувчи тиббий тонометрлар берилди.
Ғаллаоролда туман ҳокимлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан болалар-ўсмирлар спорт мактабига 10 дона велосипед совға қилинди.
Ёшлар дастури доирасида амалга оширилган лойиҳадан кўзланган асосий мақсад, ёшларни велоспортга қизиқтириш уларни спорт билан мунтазам шуғулланишини таъминлашдан иборат. Лойиҳанинг кейинги босқичида бу борадаги ишларни жадаллаштириш, қамровни ошириш кўзда тутилган.
Фориш туман ҳокимлигида вазирлик ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда вилоятлар, Тошкент шаҳар, шунингдек, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари ходимлари учун онлайн сиёсий-маърифат ўқув соати бўлиб ўтди.
Унда спикерлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ёндашувлари, “Стрессга бардошлиликнинг психологик асослари” ҳамда “Ҳуқуқий саводхонлик” соатида ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти каби масалаларга тўхталди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА