Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Янгикент” МФЙда яшовчи фуқароларнинг мурожаатлари Зарбдор туман Президент Халқ қабулхонаси, МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда профилактика инспектори билан ҳамкорликда ўрганилди.
Мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши бўйича маҳалла фаолларига зарурий тавсиялар берилди. Ҳоким ёрдамчиси С.Бекбуловнинг ташаббуси билан маҳалладаги кам таъминланган оилаларга субсидия асосида маблағлар ажратилиб уларнинг бандлиги таъминланди.
Жумладан, “Порлоқ йўл” кўчасида яшовчи кам таъминланган, ишсиз фуқаро Д.Эсановага субсидия асосида берилган маблағ эвазига хорижда ишлаб чиқарилган 20 миллион сўмлик бир мартада 500 дона жўжа очиб чиқариш қувватига эга бўлган инкубатор тақдим этилди.
* * *
Зомин туманида Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси томонидан ташкил этилган семинар-тренингга маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари жалб этилди.
Семинар давомида якка тартибдаги тадбиркорлик субектлари ва юридик шахс сифатида иш юритувчи корхоналар фаолияти, уларда юзага келаётган муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳақида сўз борди. ЯТТ ва юридик шахс сифатида фаолият олиб бораётган корхоналарга яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
* * *
Халқ депутатлари Жиззах шаҳар Кенгашининг 41-сессиясида сектор раҳбарларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” асосида амалга оширилаётган ишлар бўйича ҳисоботлари тингланди.
Президентимизнинг Жиззах шаҳридаги Президент халқ қабулхонасини маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг натижадорлиги, секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати бўйича ахборотлари тингланди.
Унда шаҳарни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, маҳаллий бюджет даромадларининг бажарилиш ҳолати каби масалалар муҳокама этилди.
Кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
* * *
Ғаллаорол туман ИИБ, туман тарғибот бўлими билан ҳамкорликда “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” ва “Темир дафтар”лари рўйхатига кирган фуқароларга Жиззах вилояти “Istiqlol Avlodi” ИИҲҚҚ маркази “Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш“ АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) молиявий кўмаги орқали амалга оширалаётган лойиҳа доирасида тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 августдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби туғрисида”ги қарори, шунингдек, Оила кодекси бўйича никоҳни қайд этиш ва никоҳни бекор қилиш ҳамда марказ фаолияти бўйича тушунтиришлар берилди.
* * *
Зарбдор тумани ИИБ шахсий таркиби ўртасида “Маънавият ойлиги” доирасида “Заковат” интеллектуал ўйинининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман ИИБ ва АКМ билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбир ғолиб жамоаси “Заковат” интеллектуал ўйинининг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
* * *
Мирзачўл туманида тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қуввватланмоқда. Туман ҳокимлигининг ташаббуси билан “Боғбон” ҚФЙдаги бўш турган бино 22 ёшли тадбиркор Парвез Дадажоновнинг оилавий тадбиркорлиги учун ажратиб берилди. У бу ерда пайпоқ ишлаб чиқариш кичик цехини барпо этиб, ҳозирда тўртта тикув машинаси (дастгоҳи) ўрнатиб, бир сутка давомида 350-400 жуфт пайпоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Ёш тадбиркорнинг келгуси режалари улкан. Дастгоҳлар сонини кўпайтириб, цехни янада кенгайтириш ва маҳалладаги 15-20 нафар ёшни иш билан таъминлаш ниятида.
* * *
Мажбурий ижро бюроси Шароф Рашидов туман бўлимида Жиззах вилояти юридик техникуми ўқувчи ёшлари учун “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.
Дастлаб, мажбурий ижро бюроси Шароф Рашидов тумани бўлими бошлиғи, адлия кичик маслаҳатчиси Ш.Акбутаев томонидан ёшларга бюро тизими фаолияти ҳақида атрофлича тушунчалар берилди.
Шундан сўнг ўқувчилар бюродаги ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар, иш жараёнлари билан яқиндан танишди.
* * *
Мамлакатимизда олиб борилаётган “маҳаллабай” ишлаш тизими, амалга оширилган ишларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва амалий ёрдам бериш, миллий кадрлар захирасига номзодларни саралаб олиш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали раҳбари ва ходимлари Дўстлик туманида бўлди.
Тумандаги 12 та МФЙда тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси ҳамда маҳалладаги фаол хотин-қизлар фаолияти билан яқиндан таништирилди, уларга яратилган шароитлар ўрганилди, келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича суҳбатлашилди.
Унда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари асосида баҳолаш тизими, натижадорлик, иш фаолиятида ижобий ўзгаришга эришганларни мукофотлаш тизими ва “карьера модели” ҳақида атрофлича тушунча ва тавсиялар берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА