Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янгиобод туманида ўта хавфли касалликлар сирасига кирувчи “Қирим – Конго геморрагик истима” касаллиги тарқалганда тезкор чоралар кўриш бўйича ташкилот, корхона, муассаса ва аҳоли томонидан амалга оширишлари лозим бўлган вазифалар юзасидан ўқув тактик машғулот ўтказилди.
Тадир туман СЭО ва ЖСБ, туман фавқулодда вазиятлар бўлими, туман тиббиёт бирлашмаси ва туман ветеринария бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда “Баландчақир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги аҳоли, корхона ва муассасаларнинг ишчи-хизматчилари иштирок этди.

***
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан мамлакатимиз бўйлаб “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” акцияси бутун мамлакатимиздаги каби Дўстлик туманида ҳам изчил давом этмоқда.
Туман тиббиёт бирлашмасида мазкур ташаббус бўйича донорлик акцияси бўлиб ўтмоқда. Бошланган ушбу ташаббусга лаббай деб жавоб берган, туман аҳли тадбирда фаол иштирок этаётир. Акцияда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, тиббиёт бирлашмаси ходимлари биринчилардан бўлиб қон топшириб, беғараз донорлик қилди.

***
Худди шундай “Қон топшир – ҳаёт инъом эт!” акцияси Зарбдор туманида ҳам бўлиб ўтмоқда. Тадбирда туман тиббиёт бирлашмаси ходимлари, тиббиёт муассасалари масъуллари, шифокор ва ҳамширалар ҳам фаол иштирок этиб, беғараз донор сифатида ушбу хайрли ишга муносиб ҳисса қўшмоқда.

***
Муттасил ёғингарчиликка қарамай Арнасой туманидаги барча маҳалла фуқаролар йиғинларида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси давом этмоқда.
Куни кеча биргина Бобур номли МФЙдаги қишлоқ ва кўча четларига туман ҳокимлиги, ободонлантириш бошқармаси, экалогия ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш туман бўлими, сув таъминоти туман филиали, электр таъминоти корхонаси ва маҳалла фуқаролари томонидан 1 минг туп арча кўчатлари олиб келиб экилди. Ушбу экилган дарахтларни парвариш қилиш ва ўсишини таъминлаш мутасаддилар масъул этиб бириктирилди.

***
Ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни ватанпарварлик рухида тарбиялаш мақсадида “Халқ билан армия бир тану-бир жон!” шиори остида Зомин тумани 1-секторидаги маҳаллалар ёшлари ва “н” ҳарбий қисимнинг муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарларидан ташкил топган жами 6 та жамоа ўртасида заковат интеллектуал ўйини ташкил этилди.
Ушбу интеллектуал ўйинда маҳалла ёшларидан ташкил топган “Доминант” ёшлар клуби биринчи, муддатли ҳарбий хизматга чақирилган аскарлардан тузилган “Ёш чегарачилар” жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Беллашув ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

***
Куни кеча доимий анъанага кўра бўлиб ўтган Шароф Рашидов туман ҳокимининг навбатдаги қабулида фуқароларнинг бандлик, моддий ёрдам, тадбиркорлик, уй-жой, қурилиш, банк кредит, субсидия маблағлари олишдаги юзага келаётган муаммолар ва бошқа масалалари юзасидан мурожаатлари тингланди.

Кўпгина фуқароларнинг муаммолари жойида ҳал этилган бўлса, қолган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, қисқа фурсатда бартараф этиш чоралари белгиланди. Ушбу мурожаатларнинг ижро назорати маҳаллаларга бириктирилган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари зиммасига юклатилди.







А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат) ЎзА