Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Янгиободда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари бошчилигида намунавий ишчи гуруҳ ташкил этилиб, гуруҳ томонидан туманнинг “Янгиобод” шаҳарча фуқаролар йиғини, “Баландчақир”, “Дўстлик” ҳамда “Шодлик” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яратилаётган янги иш ўринлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилётган ишлар ўрганилди.
Мазкур жараён давомида ушбу ҳудудлардаги кичик ишлаб чиқариш цехлари, тадбиркорлик субъектлари, чорвачилик ва деҳқончилик йўналишида яратилаётган иш ўринлари ва ишсиз аҳолини иш билан қамраб олиш жараёлари бўйича ишчи гуруҳ таркибидаги соҳа мутахассислари томонидан амалий тавсиялар берилди.
* * *
Жиззах вилоят ички ишлар бошқармаси транспортда ХТБ ходимлари томонидан пайшанба “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” доирасида Ғаллаорол, Зомин, Зарбдор, Шароф Рашидов туманлари ва Жиззах шаҳар ҳудудларидаги темир йўлга туташ бўлган корхона, ташкилотлар масъул ходимлари билан профилактик суҳбатлар ташкил қилиниб, ташкилотларга кириш йўллари кўздан кечирилди ва темир йўлларда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, темир йўл изларига шикаст етказмаслик борасида тушунчалар берилди.

Шунингдек, келгусида темир йўлга туташ бўлган объектларда турли жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида ҳудудга тунги ёритиш мосламалари ва видео кузатув камераларини ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди.
* * *
Кадастр агентлиги ҳамда Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармалари томонидан “2022 йилда аҳолига ижарага бериладиган ерларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда танловга чиқариш тартиби” ва “Ер тўғрисидаги қонунбузилиш ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш” мавзуларида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Жиззах вилояти бошқармалари мутасаддилари ОАВ вакилларининг саволларига батафсил жавоблар берди.
* * *
Фориш туман ҳокими Икром Матиев ва туман прокурори Мирзараҳим Отақулов тумандаги 2-сектор ҳудудидаги ёшлар ва аҳоли билан мулоқот ўтказди.
Учрашувда аҳоли ва ёшларни тадбиркорликка йўналтириш, хонадонларда чорвачилик, томорқачиликни ривожлантириш, бу борада субсидия ва кредитлар ажратиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Ҳудуддаги қишлоқларнинг табиий иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, қишлоқ ёшларини иш билан таъминлаш мақсадида картошка етиштиришга ихтисослашган ёшлар кооперативини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
* * *
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ғаллаорол туманида аҳоли ва ёшлар учун сайёр қабул ўтказди.

Унда фуқароларни қийнаётган масалалар ўрганилиб, ҳал этиш чоралари белгилаб олинди ва масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, учрашув доирасида ёшлар фестивали ҳам уюштирилди.
* * *
Арнасой туманида “Экология соҳасидаги қонунбузарликларнинг олдини олиш, дарахтларни рухсатсиз кесиш, браконъерлик, ноқонуний чиқиндилар ташлаш каби ҳолатларга қарши курашиш” мавзусида брифинг ташкил этилди.
Унда Арнасой туман ҳокимининг қурилиш, коммуникацияларини ривожлантириш, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари Фахриддин Адилов ахборот берди.
Бу борадаги камчиликлар муҳокама қилиниб, мутасаддилар жиддий огоҳлантирилиб, уларга аниқ топшириқлар юклатилиб, ижро муддати белгиланди.
* * *
Зомин туман ахборот кутубхона маркази томонидан Миллий гвардия минтақавий ўқув маркази билан ҳамкорликда “Мовий жамадон саёҳати” тадбири ташкил этилди.
Тадбир 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан ўтказилди.

Aҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш мақсадида “Мовий жамадон саёҳати” лойиҳаси доирасида 10 ном ва 10 нусхадаги китоблар жамланмаси 1 ҳафта давомида фойдаланиш учун китобхонлар ихтиёрига топширилди.
А.Қаюмов, ЎзА