Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туманида “Ёш адабиётчилар” ойлиги доирасида улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий ҳазратларининг 581, шоҳ ва шор Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг 539 йиллигига бағишланган маданий тадбир бўлиб ўтди.
Унда тумандаги барча давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячи ва тарбияланувчиларнинг саҳна кўринишлари, Мир Алишер Навоий ҳамда Захириддин Муҳаммад Бобур ғазалларига басталанган қўшиқлари ижро этилди.
Шунингдек, туман халқ таълими бўлимига қарашли 1-сонли умумтаълим мактабида навбатдаги миллий ўқув дастури бўйича ўқув амалий семинар ўтказилиб, унда тумандаги барча мактабларнинг бошланғич синф ўқитувчилари иштирок этди.
* * *
Дўстлик туман ахборот кутубхона маркази томонидан умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган кўрик-танлов ташкил этди.

Буюк давлат арбоби, олим ва шоир таваллудининг 539 йиллигига бағишлаб ўтказилган танловда тумандаги 13-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари 1-ўринни эгаллади.
* * *
Пахтакор тумани ҳокими 1-сектор ҳудуди “Чаманзор” қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” рўйхатида турувчи ёшлар билан ҳоким ёрдамчиси, маҳалла ёшлар етакчиси, сектор котиби иштирокида давра суҳбати ўтказди.

Учрашувда 30 сотихдан экин экиш учун ер майдони ажратилиши, ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган ёшларга банклардан кредит маблағлари олиши борасидаги тартиб-қоидалар тўғрисида ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
* * *
Зарбдор тумани ҳокимлиги ташаббуси билан туман маданият бўлими ва туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари Янгиобод туманидаги “н” ҳарбий қисмдаги чегарачиларнинг оила аъзоларини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказди.

Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган чегарачи аскарлар билан давра суҳбати ташкил этилиб, тадбир сўнгида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзолари учун концерт дастури намойиш этилди.
* * *
Ғаллаоролда ёшларни оммавий спортга жалб қилиш, уларни спорт соҳасига бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида мактаб ўқувчилари ўртасида “Қувноқ стартлар” спорт мусобақаси ташкил этилди. Беллашувда туманнинг 23 та умумтаълим мактаби ўқувчи-ёшларидан ташкил топган жамоалар иштирок этди.

Ғолиб ва совриндорларга “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
* * *
Шароф Рашидов тумани ҳокими М.Холбўтаев 1-сектор ҳудудидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчиларининг маҳаллалардаги вакиллари билан учрашди. Учрашув давомида маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ўз тажриба ва малакасидан келиб чиққан ҳолда, ўзларига бириктирилган маҳаллаларда амалга оширган ишлари ҳақида ахборот берди.

А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА