Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туманида жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси юзасидан тадбир бўлиб ўтди.
Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари З.Исматов, туман прокурори ўринбосари М.Маҳмудов ҳамда ички ишлар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбораси О.Тошмуратов маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва туман ИИБ ходимларига жиноятчиликнинг олдини олиш борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги хусусида аниқ вазифаларни белгилаб берди.

* * *
Бахмал туманидаги 6-сон мусиқа ва саьнат мактабида Жиззах драма театри актёрлари томонидан “Янги йил саргузаштлари” номли театрлаштирилган томоша намойиш этилди.
Қишки таътил вақтида ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган театр томошасига кам таминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг ҳамда уйда таълим олаётган жами 140 нафардан ортиқ ўқувчи жалб этилди.

* * *
Дўстлик тумани маданият марказида беш муҳим ташаббус бўйича ташкил этилган тадбирларда умумтаълим мактабларида фаолият кўрсатаётган тўгарак иштирокчилари ўз иқтидорларини намойиш этди.
Жумладан, ижодкор ўқувчилар иштирокида “Мен севган асар қаҳрамони” мавзусида Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” ҳамда Ўткир Ҳошимовнинг “Ўзбеклар” асарлари қаҳрамонлари ҳақидаги давра суҳбати таассуротларга бой бўлди.

* * *
Зарбдор тумани прокурори ўринбосари А.Тўраев ва туман ИИБ бошлиғи ўринбосари З.Мелибоев Зарбдор тумани ИИО Пробация ҳисобида турган маҳкумлар билан қайта жиноят содир этмаслик юзасидан йиғилиш ўтказди.
Тадбирда маҳкумлар қайта жиноят содир этган тақдирда уларни қонун олдида қандай жазо кутаётгани ҳақида тушунчалар берилди.
* * *
Зомин тумани “Пешоғар” МФЙ ёшлари билан таниқли киноактёрлар Бахтиёр Мусаев, Дониёр Рихситиллаев ҳамда режиссёр Абдухалил Пўлатов иштирокида ижодий учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда кино соҳаси мутахассислари хизмат сафарлари давомидаги қизиқарли воқеалар ҳақида сўзлаб берди ва ёшларнинг соҳага оид берган барча саволларига жавоб қайтарди.
Учрашув давомида “Пешоғор” МФЙ маданият уйи ходимлари томонидан куй-қўшиқлар ҳам ижро этилди.
* * *
Мирзачўл туманида 5 та муҳим ташаббус ижросини таъминлаш ва ўқувчиларнинг қишки таътил вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида “Спортни сев, спорт билан яша” шиори остида ҳамда “Ватанпарварлик ойлиги” муносабати билан умумтаълим мактаби ўқувчилари ўртасида спортнинг валейбол туридан спорт мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақа иштирокчиларига туман халқ таълими, туризм ва спорт ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлимлари томонидан эсдалик совғалари топширилди.
* * *
Форишдаги маданият маркази кутубхонасида маданият, манънавият ва маърифат маркази туман бўлимлари ҳамкорлигида таълим муассасалари ўқувчи-ёшлари иштирокида “Китоб менинг дўстимсан” номли китобхонлик тадбири ташкил этилди.
Унда тумандаги 1-, 12-, 27-, 33-, 55-умумтаълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари фаол иштирок этди, уларга “Жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари кутубхонаси”дан жой олган бадиий асарлар совға қилинди.
* * *
Пахтакор туманида ўқувчиларнинг қишки таътил кунларини мароқли ўтказиш мақсадида “Спортни сев спорт билан яша” шиори остида спортнинг гандбол туридан ўсмирлар ўртасида мусобақа ўтказилди.
Ушбу спорт тадбирида ёшлар ўзаро баҳслашди.
Ғолибларга ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА