Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Жиззах шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида ҳоким ёрдамчилари учун 10 кунлик ўқув-амалий машғулотлари ўтказилди.
Унда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 декабрдаги “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳияти атрофлича тушинтирилди.
Ҳоким ёрдамчилари учун ташкил этилган ўқув-амалий машғулотда “Маҳаллабай” ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари ходимлари ҳам иштирок этди.
* * *
Кириб келаётган Янги йилни Ғаллаорол туманидаги “Сарбозор” маҳалла фуқаролар йиғини янгидан буён этилган маъмурий бинода нишонлайдиган бўлди.

Маҳаллий тадбиркор Миркомил Ўролов ташаббуси билан маҳалла марказида давлат-хусусий шерикчилиги асосида барпо этилган маҳалла биноси фойдаланишга топширилди. Маҳалла биноси очилишида Жиззах вилоят прокурори Исломжон Эргашходжаев, туман ҳокими Жалолиддин Оқбоев ҳамда маҳалла оқсоқоллари иштирок этди.
* * *
Шароф Рашидов туманида фаолият олиб бораётган “INTEGRAL SERVIS” масъулияти чекланган жамияти темирдан қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Ушбу корхона раҳбари Акмал Муродовнинг таъкидлашича, солиқ ходимлари кўмаги билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кенг миқёсда сотилиши йўлга қўйилди. Бир ойда корхона ходимлари 5 миллиондан 8 миллионтагача маҳсулот ишлаб чиқараётган бўлса, солиқчилар томонидан мижозларни ўз вақтида топишга ёрдам берилиши натижасида ишлаб чиқариш қуввати салкам 2 баробарга ошиб, маҳсулот ишлаб чиқариш миқдори 15 миллионтага етказилган.
* * *
Арнасой туман касб-ҳунар мактабида ҳоким ёрдамчилари учун ўқув-семинар ташкил этилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳияти ҳамда “e-auksion.uz” платформаси орқали ер учусткаларини танловга қўйиш тартиби атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, ушбу тадбир иштирокчиларига маҳаллада бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида ҳам керакли маслаҳатлар берилди.

* * *
Бахмал тумани ҳокимлиги ташаббуси билан шу ҳудуддаги боқувчисини йўқотган оилаларнинг 20 нафар фарзанди учун хатна тўйлари ўтказиб берилди.

Болаларнинг қувончига шерик бўлиш мақсадида туман ҳокими Муса Анарбаев, секторлар раҳбарлари ва туман ҳокимининг ўринбосарлари тўйда иштирок этиб, совға-саломлар улашди. Тўй муносабати билан улоқ-кўпкари ташкил этилди.
* * *
Мирзачўл тумани халқ таълими бўлимига қарашли 5-IDUMда ўқувчи-қизлар ўртасида “Эрта турмушнинг олдини олиш” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда йигит-қизлар учун психологик, тиббий маслаҳатлар берилди.

А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА