Жиззах вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Арнасой туман ҳокимлиги, Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ва унинг туман бўлими ташаббуси билан туман ИИБ, газ, электр тармоқлари корхоналари вакиллари иштирокида табиий ис гази ва овқатдан заҳарланишнинг олдини олишга қаратилган тадбир бўлиб ўтди.

Чоршанба – фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғинлар профилактикаси куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда қиш мавсумида, яъни об-ҳавонинг кескин пасайиши кузатилганда аҳоли орасида иситиш мосламаларидан фойдаланиш ва қишда консерваланган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжнинг сезиларли даражада ортиши, бунда табиий газ, ис гази ва овқатдан заҳарланиш, ботулизм ва бошқа бир қатор инсон саломатлиги учун хавфли касалликларнинг кўпайиши мумкинлиги, ана шундай фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирлар маҳалла ва қишлоқларда мунтазам ўтказиб бориш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
***
Ўсмат шаҳарчасида халқ депутатлари Бахмал туман Кенгашининг навбатдаги 36-сессияси бўлиб ўтди.

Сессия кун тартибига киритилган масалалар юзасидан туман ташкилотларининг масъул раҳбарларининг ҳисоботи тингланди.
Маҳаллий Кенгаш депутатлари берилган ҳисоботлар юзасидан муҳокамада сўзга чиқиб, сайловчиларнинг бу борадаги таклиф ва истакларини билдирди.
Халқ депутатлари Бахмал туман Кенгашида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
***
Ғаллаорол туман ҳокимлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан бир гуруҳ нуроний отахон ва онахонларнинг Тошкент шаҳрига саёҳати уюштирилди.
Ғаллаороллик нуроний сайёҳлар республикамиз пойтахтидаги музейлар, “Ғалаба боғи”, “Тошкент сити” ҳамда “Зангиота зиёратгоҳи”га томоша уюштирган туман ҳокимлиги ва ҳомийларга миннатдорчилик билдирди.
***
Фориш туман прокурори Мирзараҳим Отақулов, ўзи раҳбарлигидаги 2-секторга қарашли “Қораабдол ота” ҳамда “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси билан учрашиб, ушбу ҳудудларга тайинланган “ҳоким ёрдамчилари”ни таништирди.

Ушбу маҳаллаларда тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш, аҳоли ва ёшлар бандлигини таъминлаш, камбағалликни тугатиш борасида ушбу ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар билан таништирди. Шунингдек, учрашувлар жараёнида аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳам ўрганиб, уларни ҳал этиш юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарлари иштирокида чора-тадбирлар белгиланди.
***
Диний ишлар қўмитасининг Мирзачўл тумани маъсул ходими томонидан ҳудуддаги диний вазиятни соғломлаштириш ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини янада мустаҳкамлаш, диний мутаассибликнинг олдини олиш ва хотин-қизлар ўртасида соғлом муҳитни яратиш мақсадида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида умумпрофилактика тарғибот тадбири ўтказилди.
Унда ташкилотчилар томонидан янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунни жойларда тўғри тарғиб қилиш ва унинг мазмун моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
***
Зарбдор туманида бугун “Соғлом ҳаёт учун 10 минг қадам” шиори остида юриш марафони ва эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилди.
Оммавий тадбирда шаҳарча ҳудудида истиқомат қилувчи аҳолининг барча қатлами, корхона, ташкилот, муассаса ишчи-хизматчилари ҳамда кексалар ва ёшлар бирдек иштирок этди.

Мазкур оммавий тадбирни ҳар ҳафтанинг икки кунини белгилаб, мунтазам ўтказиб боришга келишиб олинди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА