Жиззах вилоятида ҳам Президентимиз ташаббуси билан ўтказилаётган “Долзарб 90 кун” дастури доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган ушбу ташаббус ёшларда фаол ҳаётий позицияни шакллантириш, уларнинг билим ва салоҳиятини ошириш, ижтимоий масъулиятни кучайтиришга қаратилган. Ана шу мақсадда вилоятдаги мавжуд 560 та умумий ўрта таълим мактабларида ўқувчи-ёшлар учун бир қатор маънавий-маърифий, илмий, ижодий ва спорт тадбирлари ташкил этилмоқда.
Вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги 92 та умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган кундузги соғломлаштириш оромгоҳларига 5405 нафар ўқувчи, қолган умумий ўрта таълим мактабларида “Ёз – 2025” спорт мусобақаларига 5100 нафар, 14 та “Баркамол авлод” болалар мактабидаги тўгаракларга 2187 нафар, умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган 125 та репетиторлик ва ижодий тўгаракларга 3124 нафар ўқувчи қамраб олинган.
Шунингдек, 58 та “Баркамол авлод” ва “Китобхонлик фестивали”, “Турон” мактаб театри ҳамда ‘‘Иқтидор’’ мактаб ансамбль жамоаларига 1587 нафар ўқувчи ва бошқа 140 та маънавий-маданий тадбирларга 4192 нафар ўқувчи-ёшлар жалб қилинган.
“Долзарб 90 кун” дастурининг жойлардаги ижросини ўрганиш мақсадида Пахтакор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли таълим муассасаларига хизмат сафари уюштирдик.
[gallery-24157]
Биз ўрганишни бошлаган Пахтакор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 11-сонли умумтаълим мактабида 631 нафар ўқувчи таҳсил олар экан. Шулардан 430 дан ортиғи “Долзарб 90 кун”лик тадбирга қамраб олинган. Мактабдаги турли фан, маданият, спорт тўгараклари ҳамда “Беш ташаббус” доирасида фаолият олиб борилаётган бошқа тўгараклар ўқувчи-ёшлар билан гавжум.
– Мен ушбу 11-сонли умумтаълим мактабининг 6-синфини аъло баҳоларга тугатиб, 7-синфга ўтдим, – дейди Сардор Сайфуллаев. – Авваллари, бутун ёзги таътил давомида тенгқур дўстларимиз билан нима қилишимизни, қаерга боришни билмай, кун бўйи кўча чангитиб юрардик. Бу йил биз ўқувчи-ёшлар учун Президентимиз ташаббуси билан “Долзарб 90 кун” дастури ишлаб чиқилгани жуда зўр бўлди. Мактабимизда ёзги каникул даврида она тили, математика, тарих, ҳуқуқ, биология, инглиз тили, компьютер саводхонлиги каби фан тўгараклари ташкил этилган.
Энг қувонарлиси, ушбу мактабни битирувчиларидан ташқари, барча синф ўқувчилари олдиндан тузилган режа-график асосида мазкур тўгаракларга тўлиқ жалб этилган. Бу эса болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда, уларни фойдали машғулотларга йўналтиришда муҳим омил бўлмоқда.
Мазкур таълим муассасасида юқори синф ўқувчиларидан ташкил топган “Турон” мактаб театри ҳамда ‘‘Иқтидор’’ мактаб ансамбли қошидаги Болалар қўғирчоқ театри ёзги таътил давомида кичик ёшдаги ўқувчилар учун саҳна асарлари намойиш этиб боради.
– Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Долзарб 90 кун” дастури барча умумтаълим муассасалари каби бизнинг мактабимизда ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда, – дейди 3-сонли умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси Бобуржон Нусратуллаев. – Шу тадбирлар натижаси ўлароқ ўқувчиларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ақлий ва жисмоний салоҳиятини юксалтириш, соғлом рақобат асосида камол топишлари таъминланмоқда. Ана шу мақсадда ташкил этилган тўгаракларимизга ўқувчиларнинг 70-75 фоизи қамраб олинган. Ўзим раҳбарлик қилаётган бошланғич синфлар учун математика, она тили ва ўқиш фан тўгаракларида машғулотлар “4-К” модели асосида ўргатилмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, Пахтакор тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари “Долзарб 90 кун” дастури доирасида ёзни жуда ҳам мароқли ўтказмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/K-9eIe3j64s" title="Jizzax viloyati: Prezident tashabbusi amalda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео, сурат), ЎзА мухбирлари