Жиззах вилояти ИИБ хабарлари
Дўстлик туман ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби билан ўтказилган йиғилишда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ғайрат Қодиров иштирок этди. Йиғилиш таҳлилий ва танқидий руҳда бўлди.
Ички ишлар идоралари ходимлари аҳоли тинчлигини сақлаш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва кўплаб белгиланган вазифаларни бажариш йўлида астойдил хизмат қилмоқда. Ҳар куни турли қонун бузарлик ҳолатлари аниқланиб, уларнинг олдини олишга эришилмоқда. Шу боис, туман ички ишлар идоралари ходимлари бу борада бир қатор ижобий натижаларни кўрсатаётгани қувонарли.
Йиғилишда ўтган 6 ой давомида туманда амалга оширилган ишлар атрофлича муҳокама этилди. Йўл қўйилган камчиликлар алоҳида кўрсатиб ўтилди, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
***
Жиззах шаҳрида “Nexia” русумли автомобилнинг давлат рақам белгисини ўзбошимчалик билан ечиб олиб бошқарган ҳайдовчига нисбатан чора кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси МЖтК 125-моддаси бешинчи қисмига кўра, давлат рақам белгиси ўзбошимчалик билан шахсан ўзи ечиб олиб юргани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

***
Президенти раислигида жорий йил 11 апрель куни ёшлар сиёсати соҳасидаги ишлар натижадорлигини ошириш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат идоралари масъулларига ёшларни бириктириш ташаббуси кўтарилган эди.
Шунга асосан, Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировга 55 нафар ёшлар бириктирилган. Айни пайтда 3-сектор раҳбари томонидан уларнинг муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, Жиззах шаҳрининг “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мақсуд Муродуллаевнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва фуқаролик паспорти, яъни ID картаси, шаҳардаги “Тинчлик” МФЙда яшовчи Достон Ботировнинг эса турар жой кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилди.

***
Мирзачўл туманида жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган омилларни ўрганиш ҳамда бартараф этиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди. Унда йиғилиш иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари тингланиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги фаолияти таҳлил қилинди ҳамда жиноятлар профилактикаси бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шунингдек, тадбирда пайшанба “Профилактика куни” муносабати билан маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш ва уларнинг оқибатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиши муҳокама этилди.
А.Қаюмов,
Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА