Жиззах вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар беради
Янги йил байрами арафасида Бош прокурор ўринбосари бошчилигидаги ишчи гуруҳи томонидан Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилган ишларнинг аҳволи ўрганилди.
Бош прокурор ўринбосари Исроил Адҳамов туманда ташкил этилган IT-парк ҳамда “GAGARIN STUDY” МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишди.
Бугунги кунда ушбу IT-паркда 194 нафар ёш, шу жумладан, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари рақамлаштириш йўналишларида сабоқ олмоқда. Тумандаги “GAGARIN STUDY” МЧЖда эса 270 нафардан ортиқ ёш хорижий тилларни бепул ўрганмоқда. Эътиборлиси, уларнинг 195 нафари “Ёшлар дафтари”га киритилган ўсмир ва ёш йигит-қизлардир.
Шунингдек, Бош прокурор ва ишчи гуруҳи аъзолари туманнинг “Ержар” ва “Боғбон” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биноларининг очилиш маросимида иштирок этди. Шу билан бирга, тумандаги ишга туширилган микролойиҳалар фаолияти билан танишилиб, уларни кенгайтириш юзасидан масъулларга кўрсатмалар берилди
***
Янги йил байрами арафасида Жиззах вилояти прокуратураси органлари томонидан эҳтиёжманд ва боқувчисини йўқотган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишлар давом эттирилиб, вилоят бўйича жами 1045 нафар болага хатна тўйлари ўтказиб берилганини ҳам таъкидлаб ўтиш лозим.
Жумладан, Ғаллаорол туманида шу тоифадаги оилаларда тарбияланаётган вояга етмаган 100 нафар, Янгиобод туманида 20 нафар ўғил бола рўйхати шакллантирилиб, болажонлар ва уларнинг ота-оналари иштирокида ҳомийлик асосида “Суннат тўй” тадбирлари ўтказилди.
Янги йил арафасида Қорбобо ва Қорқиз, шунингдек, эртак қаҳрамонларининг турли саҳнавий чиқишлари болажонларга унутилмас шодлик ҳадя этди.
***
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах вилоят бошқармаси, туман прокуратураси ҳамда туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда Янги йил байрами олдидан Зомин туманидаги қатор маҳалла гузарлари, аҳоли гавжум масканларда арзонлаштирилган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Дуоба маҳалласида ташкил этилган ярмаркада деҳқон ҳамда боғбонлар томонидан етиштирилган сархил мевалар, шунингдек, асал, сут, тухум, гўшт, балиқ, умуман, 50 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамёнбоп, арзон нархларда харидорларга тақдим этилмоқда.
Янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш, зоминликларнинг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш, нарх-наво кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ташкил этилган савдо ярмаркаларидан аҳоли мамнун бўлмоқда.
***
Жиззах шаҳар прокурори – 2-сектор раҳбари М.Маматов ижтимоий- иқтисодий жиҳатдан оғир бўлган маҳаллаларда ўтказилиши режалаштирилган сайёр қабуллар режа- жадвалига асосан “Сайхон” МФЙда аҳоли билан муаммоларни ўрганиш, қиш мавсумига тайёргарлик, бандлик, камбағалликни қисқартириш, миграция масалаларида учрашув ўтказди.
Учрашувда уюшмаган ёшларнинг бандлигини таъминлаш, қиш мавсумида газ ва электр энергиясидан эҳтиёткорона ва тежамкорлик билан фойдаланиш, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш, камбағалликни қисқартириш, маҳалладаги долзарб муаммолар каби мавзулар бўйича тушунтириш ва кўникмалар берилди, фуқароларнинг фикрлари тингланди.
Учрашув якунида фуқаролардан 12 та мурожаат келиб тушди ва шундан 6 таси масъул ходимлар томонидан жойида бартараф этилди. Қолган 6 та ўрганиш учун муддат талаб этиладиган мурожаатлар тегишлилиги бўйича масъул корхона ва секторлар штаб аъзоларига ижобий ҳал этиш учун юклатилиб, ижроси назоратга олинди.
[gallery-21038]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари