Жиззах спорти – қисқа сатрларда
Мўғулистон давлати пойтахти Улан- Батор шаҳрида ёшлар ўртасида спортнинг кураш тури бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида жиззахлик полвонлар ҳам муносиб иштирок этиб, юқори натижалар билан қайтди.
Ғолиб ва совриндорлар Жиззах вилояти спорт маъмурлари ва мутассадилари томонидан муносиб кутиб олинди.
Нуфузли беллашувда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган жиззахлик Зафар Турсунқулов 55 килограммлик полвонлар баҳсида олтин медални қўлга киритди. Беҳруз Аҳамматов 42 килограмм, Беҳруз Тилавов 50 килограмм, Шаҳзода Исоқбоева 63 килограмм, Саодат Қорабоева 48 килограмм вазн тоифаларида кумуш медаллар соҳиби бўлди.
[gallery-20840]
Спортчиларимизни Жиззахда тантанали кутиб олиш жараёнида ушбу нуфузли беллашувдаги муваффақиятлари учун уларга миннатдорчилик билдирилиб, келгуси фаолиятларига омад тиланди.
***
Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 32 йиллигига бағишлаб спортнинг эркин кураш тури бўйича ўсмирлар ўртасида Зомин тумани очиқ биринчилиги ўтказилди.
Ушбу мусобақа вояга етмаган ёшлар қалбида ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш, спортга бўлган қизиқишини янада ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Зомин туман ёшлар ишлари бўлими ҳамда спорт мактаби билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Иштирокчилар 6 та вазн тоифасида ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ғолиб бўлган иштирокчилар мусобақа ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
***
Зарбдор туман ҳокими Зафар Рўзиев ҳудуддаги спорт мактаби фаолияти, тарбияланувчи ва мураббийларга яратилган шароитлар, моддий- техника базаси билан яқиндан танишди. Ҳоким ёшларнинг имкониятлари тўғрисида спорт мураббийлари билан суҳбатлашиб, зарбдорлик спортчи ёшларнинг машғулот жараёнини кузатди.
***
Янгиобод туман ҳокимлиги, туман мудофаа ишлари бўлими, “Н” ҳарбий қисми, мактабгача ва мактаб таълими, ёшлар ишлари ҳамда спорт бўлимлари ҳамкорлигида умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синфларида таҳсил олаётган ўқувчилар ўртасида округ қўшинлари қўмондони кубоги учун “Юрт посбонлари” ҳарбий-спорт мусобақаси ўтказилди.
Мусобақада жамоалар “Моҳир мерган”, “Ҳарбий эстафета”, “Жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш”, “Саҳналаштирилган бадиий чиқиш”, “Жадидлар билимдони”, “Беруний шогирди” каби 6 та шарт бўйича ўзаро баҳслашди.
Мусобақада тумандаги 4-сонли умумтаълим мактабининг “Ватанпарвар” жамоаси ғолиб деб топилиб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Мусобақа ғолиблари ва энг фаол иштирокчиларга диплом ва эсдалик совғалари берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари