Жиззах шаҳридаги чиқинди уюмлари ҳақида мутасаддилар нима дейди?
Қўшма рейд
Бутун юртимиз бўйлаб Ўзбекистон Республикасининг 33 йиллиги муносабати билан кенг кўламда ободонлаштириш ишлари бораётган бир пайтда ижтимоий тармоқларда Жиззах шаҳридаги “Заргарлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда “Олмазор” МФЙ ҳудудидаги “Олмазор сити” кўп қаватли аҳоли турар жой бинолари атрофида ҳосил бўлган чиқинди уюмлари атроф муҳит ҳавосини бузаётгани ва бу аҳолига кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқараётгани ҳақидаги танқидий чиқиш кўпчиликнинг эътиборини тортди.
Жиззах вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ташаббуси билан ушбу ҳолатни жойига бориб ўрганиб чиқдик. Марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари, экоблогерлар билан биргаликда ўтказилган ушбу рейд давомида бизга вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ патрул-пост хизмати баталони хизматчилари ҳамда Жиззах шаҳри аҳолисига санитар тозалаш хизматларини кўрсатиб келаётган “Еko-Housе” масъулияти чекланган жамияти масъуллари ҳамроҳлик қилди.
Дастлаб шаҳардаги “Заргарлик” МФЙ ҳудудидаги “Зебо” савдо маркази атрофига ташлаб кетилган чиқиндилар назоратга олинди. Давлат инспекторлари томонидан чиқиндилар ноқонуний тарзда ташлаб кетилган ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузар фуқароларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Ушбу ҳудудда олиб борилган назорат ишлари давомида аҳоли томонидан қаттиқ, маиший ва қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойга ташлаб кетилганлиги ҳолатлари аниқланди ва жами 7 та ҳолат бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, МЖтКнинг 91-моддаси 1-қисмига асосан БҲМнинг икки баравари – 680 минг сўмдан жарима жазолари қўлланилди.
Сўнгра “Заргарлик” МФЙда жойлашган 3 та чиқинди тўплаш шохобча(ЧТШ)ларининг ҳолати ўрганилганида “Теннис корти” ҳамда 19-сонли мактаб яқинидаги чиқиндилар контейнерларга сиғмай, “Еko-Housе” МЧЖ томонидан ўз вақтида олиб чиқиб кетилмаганлиги сабабли чиқинди уюмлари ҳосил бўлганига гувоҳ бўлдик. Кўп вақт туриб қолган чиқиндилар ёзнинг жазирамасида айниб, улардан анқиётган ҳидга чидаб бўлмаслиги ҳақидаку гапирмаса ҳам бўлади.
Хўш ушбу нохуш ҳолатга ким жавоб беради? “Еko-Housе” МЧЖ иш фаолиятидан аҳоли нима сабабдан норози? Чиқиндилар нимага йиғилиб қолмоқда?
Ана шу саволлар билан “Еko-Housе” МЧЖ директори ўринбосари Муҳаммад Ҳамроқуловга мурожаат қилдик.
– “Еko-Housе” МЧЖ корхонамиз жорий йилнинг январь ойидан янгиланган таркибда, янгича тизимда фаолиятини бошлаб, корхонани қабул қилиб олганимизда бор-йўғи 3 дона транспорт воситаси ҳамда аҳолининг жуда катта дебитор қарздорликлари мавжуд эди, – дейди Муҳаммад Ҳамроқулов. – Таъсисчиларимизнинг саъй- ҳаракатлари билан муаммоларни бартараф этиш йўллари излаб топилди ва хориждан 97 минг АҚШ долларига дастлаб 5 та махсус чиқинди ташиш техникаси олиб келинди. Бугунги кунга келиб эса техникаларимиз сони 20 та етказилди. Шартномалар имзоланган, пуллари ўтказиб берилган яқин кунларда яна 10 дона махсус чиқинди ташиш транспорт воситаси етиб келади.
Бундан ташқари, биз МЧЖни қабул қилгунимизга қадар, аҳолининг чиқинди учун 7 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, бизга мерос бўлиб ўтган қарздорликнинг (пеняси билан) шу бугунги кунгача ярмига яқинини ундиришга эришдик.
– Лекин бу важлар аҳоли турар жойидаги чиқиндихоналарда, яна айни жазирама иссиқда чиқинди уюмларининг кунлаб қолдириб кетилишига сабаб бўлолмайди?
– Тўғри, лекин бизгача корхонамиз ишчи-хизматчилари 4,5 ва ҳатто 6 ойлаб ойлик маошларини олмай келган ва натижада банк, ҳисобимизга туширган маблағни “картотека” усулида чеклов қўйиб, ечиб олган ҳолатлар кўп бўлди, – дейди “Еko-Housе” МЧЖ директори ўринбосари. – Лекин биз шу муаммони ҳам ҳал қилишга имкон топиб, ходимларнинг ўтган йилги ойлик маошларининг 187 миллион сўмини тўлаб бердик.
– Чиқиндиларнинг кунлаб давомида уйилиб ётиши натижасида таркибидаги ўнлаб турли юқумли касаллик тарқатувчи микроблар аҳоли, айниқса, болажонларимиз саломатлигига жиддий хавф солаётганини наҳотки тушунмаётган бўлсангиз?
– Тушуниб турибман, лекин “Заргарлик” МФЙ ҳудудидаги кўпқаватли уйларда салкам 13 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Лекин уларнинг 35-40 фоизи ижарада турувчи талаба-ёшлар ва уларнинг “прописка”си йўқ, – дейди Муҳаммад Ҳамроқулов. – Рўйхатдан ўтган фуқаролар сони 7 мингга яқинни ташкил этади ва биз контейнерларни шундан келиб чиқиб қўямиз. 6 мингдан ортиқроқ аҳолига мўлжаллаб қўйилган чиқиндихоналардаги контейнерларга 2 баравар кўпроқ киши чиқинди ташлагандан сўнг, улар ўз-ўзидан сиғмай қолади.
Шу ҳудудда яшовчи оилалар билан чиқиндиларни олиб чиқиб кетишимиз учун ижара шартномаси тузилиши керак. Биз 3 мингга яқин оилада яшовчи 12 мингдан ортиқ фуқаро учун чиқинди тўлови суммасини чиқариб берамиз. Лекин эртага 5-10 нафардан ижарачи қўйиб, пулини олиб турган уй эгаси маҳалла фуқаролар йиғинидан бизга бу хонадонда 1 киши ҳисобда тургани, у ҳам бўлса бир неча ойдан буён бу квартирада яшамаётгани тўғрисида маълумотномани олиб келиб беради. Биз ҳисоб-китобни қайтадан қилишга мажбур бўлаяпмиз.
Ушбу маҳаллада 200 нафар юридик шахс мавжуд бўлиб, лекин уларнинг бор-йўғи 43 нафари биз билан ижара шартномаси тузган, холос. Қолганлари билан ижара шартномаси тузишга борсак, “Мени фирмамдан умуман чиқинди чиқмаса, нима учун шартнома тузиб пул беришим керак?” деб ҳайдаб солади ва ҳатто шартнома тузмагани устига “Менинг мусоримни нимага ортиб кетмайсан” деб ходимларимизни дўппослаган ҳолатлар ҳам бўлди.
Жиззах шаҳри бўйича мавжуд 34 та маҳаллада 100 дан ортиқ чиқиндихона мавжуд бўлиб, уларнинг 38 таси фаолият юритади. Махсус чиқиндини ташиб кетувчи техникамиз етишмаслиги сабабли чиқиндилар 1, узоғи билан 2 кун тўпланиб қолиши бор гап, ундан ортиқ эмас.
– “Заргарлик” МФЙ ва умуман Жиззах шаҳри аҳолиси қачон чиқинди муаммосидан қутилади, аниқ муддатни айта оласизми?
– Худо хоҳласа, янги техникаларимиз тўлиқ етиб келгач, жорий йил октябрь ойининг бошларида аҳоли чиқинди муаммосидан тўла-тўкис қутилади, чиқиндилар йиғилиб қолиш ҳолатлари бўлмайди ва бунга кафолат бераман, – дейди “Еko-Housе” МЧЖ директори ўринбосари Муҳаммад Ҳамроқулов. – Хорижий инвесторларнинг маблағлари жалб этилган ҳолда, қисқа фурсатлар оралиғида Жиззах шаҳрида чиқиндиларни ташийдиган махсус электромобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Биринчи навбатда, бу техникалар билан ,албатта, биз таъминланамиз. Бу эса шаҳар экологик тозалигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-18766]
Шу ернинг ўзида МЧЖ масъул вакиллари иштирокида чиқиндиларни бартараф этиш ишлари олиб борилиб, “Заргарлик” МФЙ ҳудудидаги чиқинди контейнерларини “Еko-Housе” МЧЖга қарашли махсус техникалар ёрдамида олиб чиқиб кетилиши бошлангач, кейинги манзил сари йўл олдик.
Жиззах шаҳрининг “Олмазор” МФЙ ҳудудидаги “Олмазор сити” массивига келган киши, бу ердаги 5 қаватлидан тортиб 16 қаватлигача бўлган, бири-биридан гўзал, бир-биридан кўркам, энг сўнгги русмдаги иновацион технологиялар асосида, янгича дизайнда бунёд этилган осмонўпар биноларни кўриб, шуларнинг бари меҳнаткаш халқимиз учун эканлигини англаб, қалбида қувонч ҳисси жўш уради, мамлакатимиз қудратига тасаннолар айтади.
...Аммо, ана шу кўп қаватли уйлар оралаб юрсангиз, чиқиндилардан ҳосил бўлаётган уюмлару, улардан келаётган бадбўй ҳиддан кўнглингиз айниб, бояги хуш кайфиятдан асар ҳам қолмайди.
“Сити” номига хос бўлмаган бу ердаги чиқиндилар уйими, “Заргарлик”дагидан қолишмас экан. Ҳудуддаги мавжуд 4 та чиқиндихонанинг иккитасига контейнерлар қўйилмаган. Аҳолининг экомаданияти ҳам Ситида яшовчиларга хос эмаслиги туфайли ёғингарчилик пайти сув тўпланмай чиқиб кетиши учун ўрнатилган лотокларга чиқинди тиқиб ташланган. Юқори қаватда тураётганлар, пастга тушишга ҳам эриниб, чиқиндиларни деразаларидан улоқтирганлиги шундоққина кўрини турибди.
Ушбу массивдаги 1- ва 2-кўп қаватли уйлар орқа тарафига жойлаштирилган контейнерсиз чиқиндихона биқинида катакдекгина уйча бўлиб, у ерда лўли миллатига мансуб аёл 5 нафар фарзанди билан яшар экан. Шу чиқиндихонага ташланган қоғоз, баклашка, полиэтилин, метал чиқиндиларни ажратиб, шуларни сотиб кун кўришаркан. Шу ерда яшашга рухсат этилгани ва чиқиндилардан фойдаланаётгани эвазига чиқинди ташиш техникаси келиб қолганида ана шу аёлга чиқиндиларни юклаш, қайсидир “тадбиркор раҳбар” томонидан юклатилибди.
Ушбу ҳудудни ўрганишимиз жараёнида “Олмазор” МФЙ вакилларини топишга ҳаракат қилдик, аммо “Заргарлик”даги жараён чўзилиб, тушлик вақти бўлиб қолганлиги сабабли, “маҳалла еттилиги”нинг бирор аъзосини топишга муваффақ бўлолмадик.
– “Олмазор Сити”даги аянчли аҳвол тўғрисидаги видеони ижтимоий тармоққа мен жойлаганман, – дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи, нафақахўр Ҳабиба опа Мансурова. – Бу ердаги аҳволни илк маротаба, 2 ой муқаддам ижтимоий тармоққа жойлаган эдим. Ўшанда вилоят Экология, атроф муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариши бошқармаси ходимларининг қатъий талаби билан “Еko-Housе” ташкилоти транспорт воситаси жўнатиб, чиқиндиларни мана шу аёл ва яна шу кишига ўхшаб чиқиндихонага бириктирилган кишилар машинага юклаб беришганди. Лекин мана шу сиз кўриб турган контейнерсиз чиқиндихонадаги йиғилган чиқинди машинага сиғмагани сабабли қолиб кетди. Қолиб кетган қопдаги чиқиндилар мол ўлаксаси экан. Улардан анқиган ҳидга бу ерга ҳеч ким яқинлаша олмай қолди. Ҳозир яна устини чиқинди қоплаб, бадбўй ҳид бироз бўлса ҳам камайган. Бу мол ўлаксаларини бошқа жойда яшайдиганлар олиб келиб ташлаб кетишади. Чунки кўп қаватли уйларда мол боқиб бўлмайди. Массивимиздаги 12-уй ортидаги яна бир контейнерсиз чиқиндихонани ҳам бориб кўринглар, у ердаги ҳид бу ердагидан ҳам баттар. “Олмазор Сити” массивида ширкат тузилганида хурсанд бўлгандик. Лекин аҳолидан ҳали қилмаган ишига “фалон-фалон” режамиз бор, деб маблағни йиғиб чўнтакка уриишдию ғойиб бўлишди. Бу билан ҳеч ким қизиқмаяпти ҳам.
“Олмазор Сити”миздаги аянчли аҳвол тўғрисидаги иккинчи видеони эса бир неча кун муқаддам тармоққа жойладим. Сизлар келдиларингиз, лекин мана улардан дарак йўқ. Энди оммавий ахборот воситаларида чиққандан кейин, битта-ярим раҳбар ёки Экология бошқармаси жиддийроқ топшириқ бериб назоратга олса, кейин ҳаракатга тушиб қолишар, деган умиддамиз.
– Аҳолининг чиқинди учун ҳақ тўлашида балки оқсоқлик мавжуддир? дея сўрадик шу ерда яшовчи фуқаролардан.
– Ушбу ҳудудда яшовчиларнинг деярли 80-85 фоизи ёшлар ва улар қаердадир ишлайди, шу сабаб чиқинди, газ, электр, сув ва бошқа тўловларни вақтида, кечиктирмай ойма-ой, тўлаб боради, – дейди шу маҳаллада яшовчи Наргиза Зокирова. – Агар вақтида тўламаса, пеня туғиб қарздорлиги кўпайиб кетаверади. Кейин тўлаш янада қийинлашади.
Яна бир гап, фуқароларимиз чиқиндисини ёш болаларидан бериб юборишади. Улар эса чиқиндихонагача олиб боришга эриниб, ярим йўлга, лотокка ёки кўп қаватли уйларнинг подвалига ташлаб кетади. Бу ерга ҳам контейнер қўймаса, камералар ўрнатиб, чиқиндини ўнг келган жойга ташлаб кетганларга жарима чораси қўлланилмаса, “маҳалла еттилиги”, ҳалол, адолатли кишилардан иборат ширкат тузилиб, яшовчилар билан ҳамкорликда бир ёқадан бош чиқариб, бирликда ишламаса, аҳвол ўзгариши қийин.
Шу ўринда аҳоли тураржой массивларида фуқароларнинг экологик маданиятга риоя этишини, чиқиндиларни ЧТШга жойлаштирилган контейнерларга ташлашларини, қолаверса, чиқиндиларни саралаш кўникмаларини ошириш зарурлигини уларга етказувчи масъуллар бўлмаса, ҳолат бунданда баттар бўлиши ҳеч гап эмас.
Ўрганиш жараёнида ЧТШларда чиқиндиларнинг тўпланиб қолмаслиги назоратини ва уларни зудлик билан бартараф этиш ишларини Жиззах вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси жиддий назоратга олди. “Заргарлик” ва “Олмазор” даги ҳолат вилоятнинг бошқа бир ҳудудида такрорланмаслигига умид қиламиз.
Мухтасар қилиб айтганда, бизнинг ушбу рейддан кўзлаган мақсадимиз кимнидир бурнини қонатиш, ишдан олинишига эришиш эмас, балки фуқароларимиз юксак маданият билан, экологик тоза ҳаводан нафас олиб, гўзал ва покиза ҳолда, турли юқумли касалликлар тарқаб кетишидан хавфсирамай яшашга ҳақли эканини яна бир бор эслатиш, ҳар ким ўз ишини ўз вақтида қилиши зарурлигини кўрсатиб беришдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (видео,сурат), ЎзА мухбирлари