Жиззах қовунлари хориж бозорларида
Жиззах вилоятида етиштирилган олий навли қовунларнинг хорижий давлатларга экспорт ҳажми ортмоқда.
Фориш туманининг бепоён даштликларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, хусусан, қовун етиштириш кенг йўлга қўйилган. Жорий йилда ушбу ҳудудда қовун экинларига ажратилган майдонлар 30 минг гектарга етказилиб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 10 минг гектарга ошди. Ана шу ўзлаштирилган 10 минг гектар майдонда юқори ҳосилдорликка эга, иссиққа чидамли ва узоқ муддат сақлашга яроқли бўлган “Гулоби торпақ” навли қовунлар етиштирилмоқда.
[gallery-24105]
Маҳсулотлар замонавий музлаткичли омборларда сақланади. Халқаро талаб ва стандартларга мувофиқ сараланиб қадоқланади ва махсус транспорт воситаларига юкланади. Ушбу олий навли қовун маҳсулотлари ҳозирги вақтда Афғонистон, Латвия, Литва, Польша, Хитой, Россия Федерацияси, Украина, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғиз Республикасига экспорт қилинмоқда.
Жиззах вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Ф. Ортиқов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига божхона тартиб қоидаларининг соддалаштирилган шаклларини татбиқ этиш ҳамда расмийлаштирув жараёнларини тезкор ва шаффоф тарзда амалга ошириш борасида тизимли чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда рўйхатдан ўтган экспортчи субъектлар томонидан ҳар куни ўртача 40 тоннага яқин олий навли Жиззах қовунлари экспорт божхона режимида расмийлаштирилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари