Жиззах: Президент топшириқлари ижроси
Президентимиз раислигида ўтган йиғилишда, вилоят, шаҳар, туман ҳокимларига, секторлар раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган эди.
Жумладан, ҳар бир деҳқон бозорида шароитларни яхшилаш ва нарх-навони тартибга солиш, йирик корхоналар, ижтимоий объектлар раҳбарлари ходимларини уюшган ҳолда ишга олиб келишга автобус қатновларини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Совуқ об-ҳаво, умуман қиш фаслида озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотларнинг музлаб совуқ уриши натижасида маҳсулотлар тақчиллиги юзага келиши мумкин ва шу сабабдан аҳолининг ушбу маҳсулотларга эҳтиёжи ортади. Бунинг оқибатида эса бозорларда нарх-наво сунъий равишда кўтарилиб кетиши кузатилади.
Маҳсулотлар таъминланиши мунтазамлиги ва нарх-навонинг сунъий равишда кўтарилиб кетишининг олдини олиш мақсадида Жиззах вилоятининг шаҳар ва туманларида тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ҳокимлик, сектор раҳбарлари ва бошқа мутасадди раҳбарлар бугунги вазият, нарх-наво, арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасидаги ташкилий ишлар билан яқиндан танишди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 16 январдаги йиғилишда юклатилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида, Жиззах вилоят прокурори И.Эргашходжаев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма бошлиғи Д.Ахмедов, шаҳар ҳокими К.Холмуродов, шаҳар прокурори М.Маматов ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан тузилган тезкор штаб ходимлари билан биргаликда шаҳар марказида жойлашган деҳқон бозорларидаги аҳвол, нархлар ва маҳсулотлар ҳолатини кўздан кечирди.

Ўрганиш жараёнида масъуллар сотувчи ва харидорлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларини имкон қадар арзонлаштириш, нархларни асоссиз оширмаслик масаласида суҳбатлашди.
Шунингдек, йирик корхоналар, ижтимоий объектлар раҳбарлари ходимларини уюшган ҳолда ишга олиб келишга автобус қатновларини ташкил этиш, жамоат траспорти қатновидаги вазиятлар ҳам ўрганилди.
Деҳқон бозорлари ва транспорт қатнови бўйича юзага келган камчиликлар хусусида мутасаддилар жиддий огоҳлантирилиб, уларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА