Жиззах деҳқон бозорларидаги нарх-наволар
Жиззах вилоятида истиқомат қилувчи 1 миллион 400 минг аҳолини йил давомида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини бир меъёрда ушлаб туриш мақсадида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоят аҳолисини тиббиёт меъёрлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжлари (вилояти ҳокимлиги қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибиятидан олинган маълумотга кўра) қуйидаги жадвалдагидек тақсимланган.

Баъзи маҳсулотлар Жиззах вилоятида ишлаб чиқарилмайди, шу сабабдан ушбу маҳсулот бошқа вилоятдан олиб келинмоқда.
Гуруч Хоразм вилоятидан 7 минг 500 тонна олиб келинди, йил якунига қадар яна 3 минг 500 тонна гуруч сотиб олиниши режалаштирилган.
Шакар билан савдо қиладиган 50 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти томонидан биржадан ҳар куни 40 тонна атрофида шакар сотиб олиниб, шу кунгача, ушбу маҳсулот 9 минг тоннадан ортиқни ташкил этган. Бундан ташқари, захирадан ҳар ойда 200-250 тонна шакар бозорга чиқарилиб, 1 килограмми 12 минг сўмдан сотилмоқда.

– Вилоят ва туман марказларидаги деҳқон бозорларида ярмаркалар ташкил этилиши ижобий самараларини бермоқда ва шуни ҳисобга олиб, бундан кейин ҳам вилоятдаги мавжуд 24 та деҳқон бозорида мунтазам равишда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасини ташкил этиб боришни режалаштирганмиз, – дейди вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ойбек Ашурматов. – Бозорларда нарх-наволарни барқарор ушлаб туриш мақсадида деҳқон бозорлари қошида 9 та махсус омборхона ташкил этилган. Асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан, картошка, пиёз ва сабзининг нархи бозордаги бошқа маҳсулотлар нархига табиийки ўз таъсирини ўтказади. Шуни ҳисобга олиб, бу йил 7 минг 673 гектарга ёки ўтган йилга нисбатан 5 минг 873 гектар кўп майдонга картошка экилди. Ушбу майдонлардан 190 минг 300 тонна ёки ўтган йилга нисбатан 145 минг 600 тонна кўп картошка етиштирилди. Бу эса, аҳоли эҳтиёжидан 114 минг тонна кўп деганидир.
Лекин ушбу маҳсулотни сақлаш учун вилоятда музлатгичли омборхоналар етишмайди, шу сабабдан ҳам уларни сақлашнинг имконияти бўлмаяпти. Оқибатда эса деҳқон зарар кўряпти. Сабаби шу кунларда, 1 килограмм картошкани деҳқондан (экин майдонидан) 1 минг 200 сўмдан сотиб олинган ҳолда, ушбу маҳсулотнинг таннархи 2-2 ярим баробар қимматни ташкил қилмоқда.
Худди шундай, пиёз ҳам жорий йилда 5 минг 228 гектарга ёки ўтган йилга нисбатан 1 минг 138 гектар кўп майдонга экилди. Қолаверса, бу йил 292 гектарда томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинди, ўтган йили бу кўрсатгич 56 гектарни ташкил этиб, ушбу суғориш усули жорий қилинган майдонларда гектарига 900 центнердан ёки оддий усулдагидан 700 центнер кўп ҳосил олинди.
Бу маҳсулотларни ҳам сақлаш омборларининг етишмаслиги натижасида деҳқонлар етиштирган маҳсулотларини эртароқ сотишга ҳаракат қиляпти. Чунки деҳқоннинг қўлидан 1 килограмм пиёз 2 минг 500 сўмдан, сабзи минг сўмдан сотиб олиняпти.
Жорий йилда ғалладан бўшаган майдонларнинг 65 минг гектарига такрорий экинлар экилди. Бу ерлардан 613 минг 600 тоннадан ортиқ маҳсулот олиш мўлжалланмоқда.
Маълум қилишларича, такрорий майдонларнинг асосий қисмига, яъни 33 минг 500 гектарига экспортга талаб кучли бўлган мош экилган бўлиб, ушбу майдонлардан 40 минг 200 тонна ҳосил етиштириш кутилмоқда. Мош экспорт қиладиган экспортёрлар бор, улар хорижий тадбиркорлар билан ишончли ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу йилги ҳосилдан 8 миллион 400 минг АҚШ доллари миқдорида экспорт кутилмоқда. Умуман олганда, такрорий экинлардан олинадиган 613 минг 600 тонна ҳосилнинг 24 минг 500 тоннаси экспортга, 49 минг тоннаси қайта ишлашга, 27 минг 600 тоннаси захирага, 30 минг 700 тоннаси ярмаркаларга, салкам 480 минг тоннаси ички истеъмолга чиқарилади.
Захира қилинадиган 27 минг 600 тонна маҳсулотни сақлаш учун махсус омборхоналар ташкил этилган бўлиб, ҳозирдан захира қилиш ишлари бошлаб юборилди. Маҳсулот тақчиллиги сезила бошлаган қиш ва эрта баҳор ойларида маҳсулотлар бозорларга пешма-пеш чиқарилади ва нарх-навони асоссиз ошиб кетишига йўл қўйилмайди.
Вилоятда аҳоли эҳтиёжидан бир неча баробор кўп маҳсулотлар етиштирилмоқда. Лекин маҳсулотларнинг асосан бир вақтда пишиб-етилиши ва бир вақтда бозорларга чиқарилиши натижасида йилнинг маълум бир ойларида маҳсулотлар арзон, бошқа вақтларида эса қимматлашиб кетяпти.

Бунга асосий сабаб, вилоятда музлатгичли омборхоналарнинг етишмаслигидир. Бугунги кунда, Жиззах вилояти бўйича бор йўғи 33 минг тонна сиғимга эга бўлган 55 та музлатгичли омборхона бор ва бу омборхоналар етиштирилган маҳсулотнинг бор йўғи 10 фоизини сақлаш имконини беради, холос.
Бундан ташқари, кейинги уч йил давомида вилоят бўйича 14 минг 500 гектар янги узумзор, 26 минг 500 гектар боғ барпо қилинган бўлиб, 2025 йилга бориб ушбу майдонлардан 500 минг тонна узум ва 515 минг тонна мева етиштирилиши кутилмоқда.
– Шароф Рашидов туманида 40 гектар майдонда умумий қиймати 57 миллион 700 минг АҚШ доллари бўлган, шундан 5 миллион 700 минг доллари ўз маблағи ҳамда 52 миллион доллари хорижий инвестиция ҳисобига замонавий “Агрологистика комплекси” барпо этилмоқда. Ушбу комплекс тўлиқ ишга тушгандан кейин сиғими 10 минг тонна бўлган музлатгич, қуввати 50 минг тонна бўлган мева-сабзавотни қайта ишлаш, 1 минг 200 тонна мева-сабзавот маҳсулотларини саралаш ва қадоқлаш корхоналари ишга туширилади, шунингдек, 20 та рефрижератор ва 30 та юк автомобили харид қилиниши назарда тутилган, – дейди Ойбек Ашурматов. – Ушбу 20 гектарлик замонавий иссиқхона ишга туширилгач, 260 минг тонна маҳсулотни қабул қилишга эришилади. Вилоятда 300 га яқин қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида 2 тадан 100 тонналик сиғимга эга бўлган кичик ҳамда вилоятдаги 3 та йирик деҳқон бозорининг ўзида сиғими 500 дан минг тоннагача бўлган музлатгичли омборхона ташкил этиш, бунинг учун, кредит имтиёзлари ёки субцидиялар ажратилиши керак.
Вилоятда паррандачиликка ихтисослашган 43 та хўжалик фаолият кўрсатиб, улардаги парранда бош сони 1 миллион 700 мингтани ташкил этади.
Жорий йил ўтган даврида 26 та паррандачилик лойиҳасини амалга ошириш ҳисобига 1 миллион 800 минг бош парранда боқиш йўлга қўйилди. Натижада, шу кунгача тирик вазнда 22 минг 500 тонна парранда гўшти ва 222 миллион 900 минг донадан ортиқ тухум етиштирилди.
Чорвачиликда, вилоятда 926 минг 900 бош қорамол, 2 миллион 300 бош қўй ва эчки парвариш қилинмоқда. Шу кунгача, 117 минг тонна гўшт (109,4 фоиз), 384 минг 200 тонна сут (107,8 фоиз) ишлаб чиқарилди.

Шу кунгача 125 та, шундан қорамолчиликда 54 та, қўйчиликда 16 та лойиҳа амалга оширилиб, четдан 4 минг 340 бош наслли қорамол, 10 минг бошдан ортиқ қўй ва эчки олиб келинди. Балиқчиликда 182 та хўжалик фаолият кўрсатади, уларда жами 8 минг 900 гектар шундан, 4 минг 600 гектар сунъий сув ҳавзалари ва 4 минг 400 гектар табиий кўллар мавжуд.
Жорий йилнинг ўтган даврида балиқчиликда 10 та лойиҳа амалга оширилди ва вилоят бўйича жами 6 минг 300 тонна балиқ етиштиришга эришилди.
Вилоят аҳолисини йил давомида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлашни кафолатлаган ҳолда, бозорларимизда нарх-навонинг барқарорлигига эришиш бўйича барча зарур чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА