Жиззах –автомобилсозликда энг илғор ҳудуд
Жиззах эркин иқтисодий зонасида барпо этилган “ADM Jizzakh” енгил автомобилсозлик корхонаси фаолият бошлаганига 3 йил нари-берисида вақт ўтар-ўтмай, у ерда яна бир йирик муқобил ва қайта тикланадиган энергия манбалари асосида автомобиллар ишлаб чиқарадиган, Ўзбекистонда ягона бўлган “BYD Uzbekistan Factory” корхонаси ҳам жорий йил биринчи чорагидан буён фаолият кўрсатиб келмоқда.
Давлатимиз раҳбари поёнига етиб бораётган йилимизнинг 25 январь санасида Хитой Халқ Республикасининг Шэньчжэнь шаҳридаги “BYD” компанияси бош қароргоҳи ва технологиялар марказига ташриф буюриб, Жиззах вилоятида электромобиллар ишлаб чиқаришга старт бергани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу қиймати 160 миллион АҚШ долларилик лойиҳанинг биринчи босқичида дастлаб йилига 50 минг дона гибрид ва электр автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, мазкур лойиҳа тўлиқ ишга тушгач эса йилига 300 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлишини ҳам шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз.
Иккинчи босқичда эса қиймати 300 миллион АҚШ долларилик лойиҳа ҳисобига электромобиллар сонини йилига 200 минг донага, 500 миллион АҚШ долларилик учинчи босқич лойиҳасида 500 минг донагача етказиш кўзда тутилган.
Бугунги кунда корхонага Хитойдан роботлаштирилган тизимлар ва ускуналар келтириб ўрнатилган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёни автоматлаштирилганини алоҳида қайд этиш лозим.
Шу ўринда электромобилнинг геометрик ўлчамларини юқори аниқликда текширувчи лаборатория ташкил қилингани таҳсинга лойиқ. Айни пайтда корхонада автомобилнинг “Chazor” ва “Song Plus Champion” моделлари ишлаб чиқарилмоқда.
Бундан ташқари, келишув шартлари маҳсулотларни маҳаллийлаштириш дастурини ўз ичига олади.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 27 июнь куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида мазкур корхонага ташриф буюриб, конвейердан чиққан илк электромобилга имзо қўйганлари ҳақида ҳам ЎзА хабар берган эди.
Айни пайтга келиб, ушбу корхонада 1 минг 200 нафар, асосан жиззахлик ёшлар меҳнат қилмоқда.
[gallery-20526]
Жиззахда автомобиль саноатининг ривожланиши минглаб иш ўринлари яратилиши, ҳудуд иқтисодиётининг ўсиши, экспорт ҳажмини ошириши баробарида мамлакатимиз енгил автомобил бозорида ўзига хос рақобат муҳитини яратгани билан ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, бугун Жиззах автомобилсозлик соҳасида Ўзбекистондаги энг илғор ҳудудга айланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари