“Жирақудуқ” – тош қотган ўрмон
Ўттиз миллион гектар майдонни эгаллаган Қизилқум кенгликлари ўрнида бундан бир неча миллион йиллар аввал Тетис океани мавжланиб турган, деган тахминлар мавжуд. Негаки, ҳозир ҳам Мингбулоқ овули атрофида тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, ҳатто ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган суякларини учратиш мумкин.
Мингбулоқ овулидан 30 километр узоқликда жойлашган “Жирақудуқ” (ўзбек тилида “жира” – “жилға” маъносини билдиради) дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган “Тошўрмон”, деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик, тарихий ва табиий объект дунё олимларини ҳамон ўзига жалб қилмоқда. Бундан бир неча йил аввал Калифорниялик палеонтолог олим, профессор Жеймс Дэвид Арчибальд раҳбарлигидаги Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатлари ҳамкорлигида фаолият юритган (УРБАК) Халқаро экспедиция саъй-ҳаракатлари билан Қизилқум табиатининг бундай ноёб мўъжизаси тўғрисида кўпчилик хабардор бўлган эди.
Бу сафар бир гуруҳ Словакия олимлари Мингбулоқдаги Жирақудуқ дарасига ташриф буюрди. Ўзбекистон ва Словакия мамлакатлари ўртасида имзоланган меморандумга асосан, экспедиция таркибида Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети олимлари – доктор Мартин Кундрат, университет магистр-докторантлари франциялик Дэмиен Мартен ва перулик Джоселин Мендоза Йенгле, Дионисия Штура номидаги геология давлат институти доктори Марио Ольшавский, Словакия давлат музейи илмий ходими Габриэль Лешинский бор.

– Музлик давридан кейинги иқлим ўзгариши, глобал исиш даври бошланиб, коинотдан ерга метеоритларнинг қулаши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада чанг ва тўзон гирдобида қолади, – дейди биз билан суҳбатда экспедиция раҳбари Павла Йозефа Шафарика номидаги Словакия давлат университети доктори Мартин Кундрат. – Натижада барча физик жинслар кимёвий тарзда қоришиб океан атрофидаги ўрмонзорлар сувда ва қуриқликда яшаган ҳайвонлар ўзга бир шаклга кириб тошга айланган бўлиши мумкин.
– Ўзбекистон Республикаси давлат геология қўмитаси стратиграфия партияси Ўрта Осиё бўйича ягона ҳисобланади, – дейди стратиграфия партияси етакчи геологи Юрий Фёдоров. – Икки мамлакат ўртасида қабул қилинган меморандумга биноан биз томонимиздан экспедиция аъзоларининг тўлақонли фаолият олиб бориши учун зарур шароитлар яратилган. 8-10 кун давом этадиган илмий изланиш ишлари бугунданоқ ўз самарасини бериб, Жирақудуқ дарасидан бироз ноёб геологик, полеонтологик қазилмалар топилди.

Икки мамлакат – Ўзбекистон ва Словакия ўртасида имзоланган меморандумга кўра Жирақудуқ дарасидаги илмий изланишлар 5 йил давомида олиб борилади. Экспециядан кўзланган мақсад шу пайтгача олимлар томонидан фақатгина тахмин қилинаётган юқорида қайд этилган воқеа-ҳодисаларга аниқлик киритиш орқали Қизилқум кенгликлари ўрнида океан бўлганлигини илмий жиҳатдан асослаб беришдан иборат. Ҳакикатдан ҳам Жирақудуқ дараси ва унинг атрофида бўлган киши тарихий табиий манзарани – тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва суяклари, дарахт таналари, ҳаттоки, ўрдак бурун динозаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриш мумкин. Буларнинг барчаси Қизилқум ҳудуди қачонлардир океаннинг бир бўлаги бўлган, деган тахминга мос. Қолаверса, “Бохантау” дарасидаги қоятошларга битилган расмлар, “Жирақудуқ” дарасидаги тошга айланган дарахтлар, тош қотган ўрдакбурун динозаврлари болдир суяклари, акула тишлари ҳам мозийдан садо бериб турибди.
Райҳон Қодирова,
Учқудуқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари
ЎзА