
Жондор туманининг Пешқандоқ қишлоғида яшовчи Ихтиёр Эшмуродов бундан 12 йил муқаддам – жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2009 йил 3 августдаги ҳукмига биноан 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Буни қарангки, 2020 йилнинг 28 май куни Ихтиёр ака 11 йил деганда оқланиб, жазони ижро этиш муассасасидан озод қилинади. Аммо...
Келинг, асосий фикрга ўтишдан олдин ва муштарийларга тушунарли бўлиши учун воқеа тафсилотларига эътибор қаратсак. Биринчи босқич судининг ҳукмда қайд этилишича, Ихтиёр Эшмуродов ўз ҳамқишлоғи Тамара Юллиеванинг жуда кўп миқдордаги — 10 164 000 сўмга тенг бўлган 7000 АҚШ долларини (2009 йил 29 январь куни 1 АҚШ доллари 1 408 сўм 44 тийин тенг бўлган) қўлга киритмоқчи бўлган. Шу мақсадда у 2009 йил 29 январь куни кеч соат 22:30да Т.Юллиеванинг ётоқхонасига ғайриқонуний равишда бостириб кириб, аёлнинг ўзи ҳамда 2000 йилда туғилган невараси, вояга етмаган Умрия Ҳамроевага ҳужум қилади. Яъни аввалига ухлаб ётган, ожиз аҳволдаги Т.Юллиевани бўғади. Сўнгра ўзи билан олиб келган ёғоч таёқ билан бир неча маротаба уради.
Кейин вояга етмаган Умрияни ҳам ўлдириш учун худди шу тарзда кетма-кет зарба беради. Оқибатда буви ва набира ҳушларидан кетиб, йиқилади. Бундан фойдаланган И.Эшмуродов эса, иккаласининг устига ётоқхонадаги кўрпа-тўшакларни ташлаб, ёқиб юборади-да, воқеа жойидан яширинади.
Аммо оловнинг куйдиришиданми ёки бошқа сабабми, ҳар ҳолда хонадон соҳибаси тезда ўзига келади. Сўнг И.Эшмуродовнинг чиқиб кетганига ишонч ҳосил қилгач, қўни-қўшниларини ёрдамга чақиради. Пировардида кўпчилик бўлиб ёнғинни бартараф қилишади. Аниқроғи, «меҳмон»нинг жинояти ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда охирига етмай қолади.
Мазкур жиноий қилмиш содир этилгач, Ихтиёр Эшмуродовга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 4-қисми «а»-бандида кўрсатилган ўзганинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида босқинчилик қилиш, шунингдек, 25, 97-моддаси 2-қисми «а, в, ж, и»-бандларида кўзда тутилган тамагирлик ниятида икки ёки ундан ортиқ ожиз аҳволдаги шахсни қасддан ўлдиришга суиқасд қилиш айблари билан жиноят иши қўзғатилади.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг юқорида тилга олинган ҳукми билан у 17 йил муддатга озодликдан маҳрум этилади. Суднинг 2009 йил 3 сентябрдаги апелляция ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолади.
Албатта, И.Эшмуродов шундан кейин жазо муддатини ўтаб келган бўлса-да, виждони олдида ўзини мутлақо айбсиз деб биларди. Шунинг учун ҳимоячиси — Бухоро шаҳридаги «Адолат мезони» адвокатлик фирмаси раҳбари Тоштемир Адизов 2019 йил 14 декабрь куни вилоятда ўтказилган сайёр қабулда унинг номидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комиловга мурожаат қилиб, адолатни қарор топтиришда амалий ёрдам сўрайди.
Натижада Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 6 февралдаги ажрими билан жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2009 йил 3 сентябрдаги апелляция ажрими бекор қилиниб, жиноят иши янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилади.
Мазкур суд жараёнида биринчи босқич суди жиноят ишини кўришда Жиноят-процессуал кодекси ҳамда Олий суд Пленумининг тегишли қарори талабларига риоя қилмагани аён бўлади.
— Мен ҳамқишлоқ бўлгани сабабли жабрланувчи Тамара Юллиевани ҳам, оила аъзоларини ҳам танийман. Лекин унинг уйида содир этилган босқинчиликка менинг мутлақо дахлим йўқ. Бу ҳақда тергов жараёнида хабар топганман. 2009 йил 29 январь куни кечқурун соат 21:00 ларда уйимдан юз метр наридаги қўшним Боқиев Исломдан DVD диск олиб келиб, телевизор кўриб ётдим. Кейин ухладим. Жиноят юз берган куни уйда бўлганимни бошқа гувоҳлар ҳам тасдиқлаши мумкин. Қолаверса, жабрланувчи билан уйимнинг ораси 3 километр келади. Тўғри, Тамара Юллиеванинг турмуш ўртоғи Бахтиёр Юллиев билан гоҳ-гоҳида карта ўйнаб турганмиз. Аммо уларникида пул борлигини билмаганман.
Тергов даврида жиноятни бўйнимга олишимни талаб қилиб, турли жисмоний ва руҳий тазйиқлар ўтказишди. Ҳатто чўнтагимга ёки уйимга гиёҳвандлик воситасини ташлаб бўлса ҳам, қамаш билан қўрқитишди. Кейин мени уч сутка қийнаб, бармоқ изларимни олишди. Бироқ мен бу жиноятни қилмаганман, виждоним олдида ўзимни айбсиз деб ҳисоблайман. Шунинг учун адолатли қарор чиқариб, мени оқлашингизни сўрайман, — дея И.Эшмуродов жазони ижро этиш колониясида турган ҳолда видеоконференция орқали кўрсатма беради.
Дарҳақиқат, судланувчининг қўшниси, айни пайтда Россия Федерациясида бўлган Малоҳат Жумаева ва 2019 йил 2 июлда вафот этган Ислом Боқиев биринчи босқич судидаги кўрсатмаларида ўша кеча И.Эшмуродов уйида бўлганини тасдиқлашган. Шунингдек, жиноят иши ҳужжатларида воқеа жойини кўздан кечириш 2009 йил 30 январь куни тунги соат 1:20 да, яъни воқеадан 3 соатча ўтибоқ ўтказилгани, бармоқ излари уйга кириш эшигининг дераза ойнасидан олингани қайд этилган. Аммо ўша кеча маҳаллада чироқ бўлмаган. Шундай экан, чироқ йўқлигида кўздан кечириш жараёни қандай амалга оширилгани, эшик деразасидаги бармоқ изи қоронғида қандай олингани ажабланарли эмасми? Қолаверса, кўздан кечириш жараёни тунда ўтказилгани ҳолда баённомага илова қилинган суратлар кундузи олингани қизиқ.
Бундан ташқари, воқеа жойини кўздан кечириш жараёнида фуқаролар Зафар Бобоев ва Ҳамро Ҳамроев холис сифатида иштирок этгани баённомада қайд этилган. Бироқ апелляция инстанциясида сўроқ қилинган З.Бобоев ушбу жиноят ҳақида эртаси куни — 2009 йил 30 январь куни соат 09:00 ларда эшитганини, холис сифатида иштирок этган яна бир фуқаро Ҳ.Ҳамроевни танимаслигини, баённомадаги ҳамда туман ИИБ бошлиғи номига ёзилган тушунтириш хатидаги имзолар ўзиники эмаслигини маълум қилади.
Шу билан бирга, жабрланувчи Т.Юллиева дастлабки тергов жараёнида уйига кирган шахсни танимаганлигини, у ҳеч қандай пул ва бошқа мулклар талаб қилмаганлигини, ўша номаълум шахс ўзини тимдалаб, тан жароҳати етказганини таъкидлаган бўлсада, кейин эса, уйига бостириб кирган шахс айнан И.Эшмуродов эканлиги ва у шафқатсизларча уриб, пул топиб беришни талаб қилганини билдириб, кўрсатмаларини бир неча маротаба ўзгартирган.
Қонун талабига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг мақбул эмас, демакки, яроқсиз деб топилишига олиб келади.
Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 463-моддасига мувофиқ, айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айбли эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Айблов ҳукмига жиноят содир этилишининг иш бўйича барча мумкин бўлган ҳолатларни текшириш, иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстни тўлдириш, юзага келган ҳамма шубҳа ва қарама-қаршиликларга барҳам бериш натижасида йиғилган ишончли далилларгина асос қилиб олиниши лозим.
Ана шу асосларга таянган жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг апелляция ҳайъати суднинг 2009 йил 3 августдаги ҳукмини бекор қилиб, Ихтиёр Эшмуродовни айбсиз деб топиб, оқлайди. Энг муҳими, юзи ёруғ бўлган қаҳрамонимиз Оҳангарон шаҳридаги жазони ижро этиш колониясидан дарҳол озод қилинади. Аммо...
Аммо шундан кейин Ихтиёр Эшмуродовнинг қувончи узоққа чўзилмайди. Негаки тергов органи томонидан оқлов ажримига нисбатан протест киритилади. Шу боис Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 20 июлдаги ажримига асосан, оқлов ажрими бекор қилинади. Сўнг жиноят иши янгитдан кўриш учун жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судига юборилади.
Буни қарангки, галдаги апелляция судида яна айрим ғайриқонуний ҳолатлар аниқланди. Масалан, И.Эшмуродовнинг қайнукаси Карим Шодиев дастлабки терговдаги кўрсатувида 2019 йил 19 январь куни акалари Ҳасан, Ашур ва Вали Шодиевлар билан опасининг уйига боришганини, у ерда жаҳл устида поччасининг юзига ургани боис унинг бурни ва оғзидан қон келганини маълум қилган. Лекин биринчи босқич суди иш бўйича ашёвий далил деб эътироф этилган И.Эшмурадовдан олинган бинафша рангли чопондаги қон доғлари К.Шодиевга тегишли ёки тегишли эмаслигини аниқлаш мақсадида судга оид биологик экспертизаси тайинлаб, ҳолатга аниқлик киритмаган. Қолаверса, суд томонидан И.Эшмурадовнинг чопонидаги қон доғлари жабрланувчи Т.Юллиевага ёки бошқа шахсга тегишли-тегишли эмаслигини аниқлаш учун ДНК экспертизаси тайинланиб, хулоса олинмаган.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги «Далиллар мақбуллигига оид жиноят-процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарорида суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан қонун нормаларини аниқ бажаришдан ва унга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, у қандай сабабга кўра юз берганлигидан қатъи назар, шу йўл билан олинган далилларнинг мақбул эмас (яроқсиз) деб топилиши қайд этилган.
Бинобарин, Навоий вилоят суди 2021 йил 11 январь куни жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2009 йил 3 августдаги ҳукмини бекор қилиб, Ихтиёр Эшмуродовни такроран оқлади. Шунингдек, суд ажримида И.Эшмуродовга жиноий таъқиб натижасида ўзига етказилган мулкий, маънавий ва бошқа зиён оқибатларини Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида бартараф қилиш ҳуқуқи ҳам тушунтирилди.
Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, судланган шахснинг икки маротаба оқланиши амалиётда деярли учрамайдиган ҳолат. Бу ҳам бўлса, Президентимиз ташаббуси билан юзага чиқаётган адолатнинг, судлар эса чинакам адолат қўрғонига айланаётганини тўлақонли ва ёрқин ифодасидир.
Маъмуржон ҚОДИРОВ,
Навоий вилоят судининг судьяси.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист