![](https://cdn.uza.uz/2022/02/07/10/50/7xHMGxq9AdxJDktkWT5ylujeE0VpLheU_normal.jpg)
Инсоният бошига турли балоларни солиб, оилаларни ва жамиятни таназзулга олиб борадиган иллатлардан бири гиёҳвандликдир. Унинг оқибатида минглаб норасида гўдаклар майиб, мажруҳ туғилмоқда, оилаларда ажрашишлар кўпайиб, миллионлаб одамлар ҳаётдан бевақт кўз юмаётгани ачинарли ҳол.
Энг ёмони шу оғуни ёмон оқибатларга олиб келишини билиб турса ҳам айрим фуқаролар унинг ноқонуний савдосини йўлга қўймоқда. Тожикистон Республикаси фуқароси Муҳаммадали Имомназаров ҳам мана шундай қабиҳ ишга қўл урди. У ўтган йилнинг 2 июнь кунидан 3 июнь кунига ўтар кечаси дастлабки терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган шахслардан соф вазни 1,946 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситасини олиб, уни Ўзбекистон Республикасига чегара айланма йўллари орқали ўтказишни режалаштиради.
Давлат чегараларини кесиб, қонунга хилоф равишда Тожикистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига кириб келган вақтида чегара пости чегара наряди томонидан қўлга олинган. М.Имомназаров шу жараёнда қўлидаги «гашиш» гиёҳвандлик воситаси яширилган спорт сумкасини тахминан 3 метр масофага улоқтириб юборган. Холислар иштирокида унинг ичидаги ашёлар кўздан кечирилганда, унинг ичида қора целлофан пакетга солинган, 2 бўлакдан иборат, прессланган, тўқ жигар рангли, ўзига хос ҳидли, соф вазни 1,946 грамм бўлган «гашиш» гиёҳвандлик воситаси, 100 АҚШ доллари ва шахсий кийимлари борлиги аниқланиб процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Экспертиза хулосасида ҳам олинган модда гашиш гиёҳвандлик воситаси эканлиги кўрсатилган. Судда у айбига қисман иқрор бўлиб, турли важлар келтирган бўлсада, барча далиллар йиғиндиси билан жиноят иши тўла исботини топди. Кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини контрабанда йўли билан юртимизга олиб ўтмоқчи бўлган шахсга узил-кесил 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Фурқатжон СОБИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман суди раиси.