2025 йил 29 январда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.
Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуродов қонуннинг муҳим жиҳатлари ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисидаги нутқида кенг кўламли демократик ислоҳотларимиз туфайли Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглардаги ўрни яхшиланиб бораётгани қайд этилди. Мамлакатимиз рейтинги қонун устуворлиги бўйича 8 поғона, электрон ҳукумат бўйича 18 поғона, иқтисодий эркинлик бўйича 49 поғона, логистика ва инновация бўйича 10 поғона юқори кўтарилди.
Қонун устуворлиги бўйича рейтингда мамлакатимиз ўрни тобора яхшиланиб бораётгани суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижасидир. Суд-тергов амалиётида жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали ишончли таъминлаш чораларини янада кучайтиришга қаратилган ишлар бунинг мантиқий давомидир.
Бу йўналишда давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 10 июнда “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Унда жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд томонидан ишончли таъминлаш мақсадида жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини жорий этиш назарда тутилди.
Шунингдек, тергов судьясига қатор санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ваколати берилди. 2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилди.
Шу нуқтаи назардан қараганда, ишни судга қадар юритишда тарафлар ўз ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланишлари ва процессуал мажбуриятларини бажаришлари учун бу жараёнда холислик ҳамда беғаразликни таъминлаш, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш сифатини ошириш учун мазкур қонунни қабул қилиш зарурати мавжуд эди.
Зеро, суд мустақиллигини таъминлашга оид халқаро ҳужжатлар ва миллий қонунчилигимизга кўра, судья одил судловни амалга ошираётганда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, ниятлар, босим ёки аралашишлардан қатъи назар, мустақил ҳаракат қилиши, фақат фактларни баҳолашдан келиб чиқиши ва ички ишончига асосланиб, қонунга ва ҳуқуқий онгига амал қилиши шарт.
Шу мақсадда давлат органлари ёки уларнинг мансабдор шахслари судьяларни мажбурлаш ёки уларни муайян қарорлар чиқаришга оғдириш йўлида босим кўрсатишдан тийилишлари керак.
Статистик рақамларга кўра, жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 2023 йилда жами 32 мингдан ортиқ санкция ва мажбурлов чорасини қўллаш бўйича материаллар кўриб чиқилган. Бундан ташқари, ушбу судлар томонидан 2023 йил давомида жами 600 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар мазмунан кўриб ҳал этилган.
Қонун билан Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ва “Прокуратура тўғрисида” ҳамда “Судлар тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Яъни, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозимини жорий этиш, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш, шунингдек, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларининг тергов судьялари томонидан кўриб чиқиш, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлаш тўғрисида прокурор томонидан судга илтимоснома киритиш, тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга рухсат бериш ваколатини прокурорлардан тергов судьяларига ўтказиш қонунчиликда акс эттирилди.
Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида ташаббускорлар томонидан бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилиб, таҳлил қилинди ҳамда инобатга олинди.
Қонун ишни судга қадар юритишда тарафлар тенглиги ва тортишув принципининг таъминланиши, ҳимоячи ҳуқуқларининг кенгайиши ҳамда айблов ва ҳимоя тарафи фаолияти устидан холис суд назоратининг амалга оширилишига янада қулай шароит яратди. “Хабеас корпус” институтини амалиётга янада кенгроқ жорий этиш имкониятлари вужудга келди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА