Жиноят сабаблари маҳаллада муҳокама этилди
Жиззах вилояти Фориш туманининг “Боғдон” маҳалла фуқаролар йиғинида содир этилган жиноятнинг сабаблари ва унга имкон берган шарт-шароитлар муҳокама қилинди.
Унда маҳалла мутасаддилари, фуқаролари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
“Боғдон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1984 йилда туғилган В.Қ. туман марказидаги “Фориш деҳқон бозори” ҳудудидаги савдо дўконларидан пул ва турли озиқ-овқат маҳсулотларини ўғрилаб, тадбиркорларни чув тушириб келган.
Туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида В.Қ. содир этган жинояти фош этилиб, жиноят ишлари бўйича туман судининг ҳукми билан узил-кесил ўташ учун 6 йил муддатга қамоқ жазоси тайинланди.
Муҳокамада жиноят ишлари бўйича Фориш туман суди раиси Салим Ботиров, туман ички ишлар бўлими бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, капитан Музаффар Шодмоновл сўзга чиқиб, жиноятни содир этилишига олиб келинган важ ва сабаблар, бундан буён маҳалла ҳудудида жиноятчиликнинг олдини олиш борасида нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида сўз юритди.
Бу борада тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва маҳалла ҳамкорлигини янада кучайтириш юзасидан келишиб олинди.

Пиёдани уриб юбориб, ҳайдовчининг қочиб кетиши оқибатида жабрланувчи аёл вафот этгани масаласи ҳам муҳокама этилди.
Жорий йилнинг 24 июнь куни кечқурун соат 20:45 ларда 4Р-42 “Боғдон – Қораабдол” автомобиль йўлининг Фориш тумани Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи йўл 92-километрида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
– Фориш йўналишида ҳаракатланиб кетаётган номаълум машина йўлни кесиб ўтаётган пиёдани уриб юбориб, ҳодиса жойидан қочиб кетган ва оқибатда “Қўлба” қишлоғида яшовчи 1971 йилда туғилган аёл киши оғир тан жароҳатлари олиб, ҳодиса жойида вафот этган, – дейди Фориш туман ИИБ ЙҲХБ бўлинмаси бошлиғи, майор Воҳид Ҳусанов. – Олиб борилган тезкор суриштирув давомида йўл транспорт ҳодисасини “Қўлба” қишлоғида яшовчи 1976 йилда туғилган фуқаро З.Х. ўз бошқарувидаги “ВАЗ-2105” русумли автомашинасида содир этганлиги аниқланди.
Ушбу иш юзасидан Фориш туман ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
А.Қаюмов, ЎзА