ИИВ Академиясида ўтказилган илмий-амалий анжуман жиноят-ижроия қонунчилиги истиқболларига бағишланди. Унда соҳа вакиллари, малакали экспертлар, юридик таълимга ихтисослашган ўқув муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий тадқиқотчилари, шунингдек жазони ижро этиш фаолияти бўйича таълим олаётган курсантлар иштирок этди.
Анжуманни таълим муассасаси бошлиғи Рустам Хатамов очиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг туб негизида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдек устувор масала турганини эътироф этди.
– Халқаро амалиётдан маълумки, жиноят содир этган шахсни жамиятдан ажратиб қўйиш орқали уни тўғри йўлга қайтариб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, мазкур соҳада инсон ҳуқуқларига риоя этишнинг шаффоф ҳамда самарали механизмлари кенг татбиқ этилмоқда. Соҳага оид ҳуқуқий нормалар ва институтлар халқаро стандартлар, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда такомиллаштириляпти. Хусусан, миллий қонунчилигимизга киритилаётган ўзгартиришлар, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши, амнистия ва ярашув институтлари, пробация хизматининг ташкил қилингани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди Р.Хатамов.
Илмий-амалий анжуманда “Пенитенциар тизимни такомиллаштиришда давлат ва хусусий ҳамкорликнинг ўрни”, “Жиноят-ижроия миллий қонунчилигига халқаро стандартларни имплементация қилиш”, “Ўзбекистон Республикасида жиноят-ижроия қонунчилигини ривожлантириш истиқболлари”, “Жазони ижро этиш тизимида Нельсон Мандела қоидаларини татбиқ этиш”, “Пенитенциар муассасаларда маҳкумлар томонидан содир этиладиган жиноятлар профилактикасининг долзарб масалалари” мавзуларида маърузалар тингланди.
– Тизимни малакали кадрлар билан таъминлаш ҳам долзарб масалалардан бири саналади. Таълим муассасамизда “жиноий жазоларни ижро этиш фаолияти” ҳамда “хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик таъминлаш” мутахассисликлари бўйича олий маълумотли кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилган. Курсантларимиз замонавий ёндашувлар, назария ва амалиёт уйғунлигида ташкил этилаётган машғулотлар ёрдамида касбий кўникмаларини ошириб бораяптилар. Бу ҳам тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини таъминлайди, – деди ИИВ Академияси Жиноят-ижроия кафедраси бошлиғи, полковник А.Шодиев.
Онлайн тарзда ташкил этилган анжуман иштирокчилари жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш, соҳага доир илғор илмий-амалий тажрибаларни ўрганиш, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни ижро этиш бўйича ички ишлар органларининг бошқа давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек жамоат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, пенитенциар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш билан боғлиқ муаммоларнинг оқилона ечимлари юзасидан фикр алмашиб, долзарб таклиф ҳамда тавсияларни илгари сурдилар.
Жамшид ХОЛОВ,
ИИВ Академияси Ахборот хизмати
мутахассиси.