Таҳлил ва таклиф
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг дастлабки моддасида давлатимиз бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат сифатида эътироф этилган. Бу қатъий қоида суд ҳокимияти фаолиятида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши билан изоҳланади.
Таъкидлаш жоизки, давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар.
Жорий йил 24 май куни миллий қонунчилигимизга оид "Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида"ги Президент фармони қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатда давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда илмий ёндашувларни кенг жорий этиш белгиланганлиги, муҳокамага қўйилган масала, айнан ҳозирда ечими талаб этилаётган долзарб муаммолардан бири сифатида кўрилаётганидан далолат беради.
Шунинг учун жиноят процессуал кодексида таъкидланган конституцион қоидалар ва Президент фармони талабидан келиб чиқиб ёндашсак, судда ишларни юритишда тортишувни таъминлаш тамойилининг мазмун-моҳияти ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда суд фаолиятида тўғри талқин этилиб қўлланилиши муҳим.
Хусусан, Жиноят процессуал кодекси (ЖПК)да аниқланишича, суд айблов ёки ҳимоя тарафида турмаслиги ва уларнинг бирон-бир манфаатини ифодаламаслиги белгиланган. Суд холислик ва беғаразликни сақлаган ҳолда тарафларнинг процессуал мажбуриятларини бажариши ва берилган ҳуқуқларини амалга ошириши учун зарур шароитлар яратиб бериши белгиланган.
Ваҳоланки, амалдаги процессуал қонунчиликнинг суд иш юритувини олиб бориш билан боғлиқ тартибларида тамойилга зид равишда ҳимоя тарафининг процессуал мақоми билан боғлиқ тушунмовчиликлар мавжуд. Бу эса адвокатлар профессионал ҳамжамиятига ишонч билдиришга ва баъзан сунъий тўсиқлар билан изоҳланади.
Жумладан, аввало жиноят процессида адвокат исботлаш субъекти қаторига киритилмаган. Бу ўз ўрнида адвокат томонидан тўпланган маълумотларни далил сифатида кўрилмаслиги аниқ. Сабаби, ЖПК 87-моддаси 2-қисмида ҳимоя томонидан тақдим этилган ҳужжатларни жиноят иши материалларига қўшиб қўйиш назарда тутилган бўлишига қарамай, ушбу маълумотлар процессуал тартибда мажбурий баҳоланиши шартлиги кўрсатилган. Мазкур ҳолатда процессуал тарафларнинг тенг ҳуқуқи фактик таъминланганлигини таъкидлаб бўлмайди.
Иккинчи жиҳат, жиноят процессида далил сифатида фақат амалдаги процессуал қонунчилик талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўрнатилган тартибда тўғри ва ваколатли шахслар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлардаги (баённома, қарор, ажрим ва ҳоказо) маълумотлар кўрилади. Шундагина жиноят иши доирасида тўпланган далиллар мақбуллигига баҳо берилади. Ушбу жараёнга адвокат бевосита таъсир кўрсата олмайди. Шу аснода бу ҳолат ҳам адвокатни ҳимоя юзасидан тўпланадиган ҳужжатларини аввалдан ҳеч қандай далилий аҳамиятга эга эмаслигини тасдиқлайди.
Бундан ташқари, ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан судга юбориш ва айблов ҳукми чиқариш учун ЖПКнинг 82-моддасида келтирилган ҳолатлар исботланиши белгиланган. Исботлаш субъектларини ушбу ҳолатларни аниқлаш борасидаги ваколатлари, адвокат ваколатига қараганда номутаносиб.
Масалан, жиноят иши юритуви учун масъул шахс ҳар қандай маълумотни олиш ва истаган шахс билан процессуал ҳаракат ўтказишга ҳақли ҳамда унинг қонуний талабини бажарилиши мажбурий тусга эга. Ваҳоланки, адвокат ишга тааллуқли ахборотдан хабардор бўлган шахсларни сўровдан ўтказиш учун ушбу шахсни розилиги талаб этилади, ишга алоқадор маълумотни агар ушбу маълумот махфийлик даражасига эга бўлса, адвокат сўровнома юбориб олиши мавҳум.
Тўртинчи жиҳат эса жиноят иши бўйича шахсни айблаш учун далилларни етарли, деб топишга исботловчи субъектларни қарори асосида йўл қўйилади. Адвокат томонидан ушбу субъектив қарорни қонунийлигини шубҳа остига олиб бекор қилиш билан боғлиқ таъсир қилишнинг самарали механизми қонунчилигимизда мавжуд эмас.
Суд исбот қилиш иштирокчилари сафидан чиқарилиши керак деб ўйлаймиз. Яъни суд ҳолатга одил ёндашув билан холисона ҳуқуқий баҳо берадиган мезонга айланиши лозим. Шундагина жараёнда тарафлар тортишувлигини таъминлаш мумкин бўлади.
Ва ниҳоят, сўнгги жиҳат, жиноят процесси иштирокчиларини иш юритувга мажбурий жалб қилиш фақат исботловчи субъектлар томонидан амалга оширилишига қонуний чек қўйиш керак.
Юқорида келтирилган фикрларга кўра, долзарб масалалар бўйича, процессуал қонунчиликка киритилиши зарур деб билаётган ўзгартириш ва қўшимчалар, провардида, инсон ҳуқуқларини жиноят процессида таъминлашни кафолатлайди ва чинакам суд ҳокимиятини мустақилликка эришишга замин яратади.
Жасур НEЪМАТОВ,
Тошкент давлат юридик университетининг
«Суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура» кафедраси профессори.
ЎзА