Жиноий жавобгарлик бор
ДХХ Самарқанд вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида пиротехника воситаларининг ноқонуний олди-сотдисига чек қўйиш, улардан фойдаланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида тезкор тадбирлар ўтказиб келинмоқда.
Нарпай туманида ўтказилган шундай тадбирда Зирабулоқ маҳалласида яшовчи, 1991 йилда туғилган С.Ш. Мирбозор бозорига 480 та қутида жами 288 минг дона “Трения” номли пиротехника воситасини сотиш мақсадида олиб кираётгани аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштирилди.

Ҳозир ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Самарқанд шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган Т.Ф. эса тахминий баҳоси 1 миллиард сўмга яқин 21 турдаги 1903 дона пиротехника воситаларини келгусида сотиш мақсадида яширин равишда сақлаб келаётганлиги аниқланиб, бу воситалар ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Т.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири