JICA ваколатхонаси раҳбари билан учрашув
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги – JICAнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари этиб тайинланган Ёшибуми Бито билан учрашув ўтказди.
Умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан зиёд 11 лойиҳани йўлга қўйган JICAнинг Ўзбекистондаги инвестиция фаолияти ўсиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.
Лойиҳалар энергетика, сармоявий ривожланиш, қишлоқ хўжалиги, таълим, тиббиёт каби соҳаларда амалга ошириляпти.
Л.Қудратов хорижий инвестиция кўламини кенгайтириш, тармоқ ва ҳудудлар саноат салоҳиятини рўёбга чиқариш, ички ва халқаро маҳсулот, хизмат айирбошлаш миқдорини ошириш, шунингдек, мамлакат энергетика тизимини ривожлантиришга қаратилган Янги Ўзбекистонни стратегик ривожлантириш мақсадига эришишда JICA фаол иштирок этиши муҳимлигини тасдиқлади.
Тадбир якунида томонлар қўшма лойиҳаларни сифатли амалга ошириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини топишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.
ЎзА