Женевада бўлиб ўтган Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг 149-Ассамблеяси доирасида мафтункор юртимиз ва амалга оширилаётган ислоҳотлар намойишига бағишланган Ўзбекистон куни ташкил этилди.
Унда турли мамлакатлар делегациялари, парламент аъзолари, халқаро ташкилотлар ва дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига бой тарихга эга юртимиз, қадриятларимиз ва маданий меросимиз акс этган видеоролик намойиш этилди.
Мазкур ролик уларда ўзгача таассурот қолдирди. Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини акс эттирувчи экспозиция эса хорижлик ҳамкорларимизнинг мамлакатимиз ҳақидаги тасаввурини янада бойитди.
Шунингдек, келгуси йилнинг апрель ойида режалаштирилган ПИнинг 150-юбилей Ассамблеяси муносабати билан Ўзбекистон Республикаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Учрашувда муносиб меҳнат тизимини такомиллаштиришда парламентнинг таъсирчан кучи ва ваколатларидан самарали фойдаланиш масалаларига эътибор қаратилди.
***
Хабарингиз бор, Ўзбекистон сўнгги йилларда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан самарали ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.
Мамлакатимизнинг ХМТ Маъмурий кенгаши аъзолигига сайлангани эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу соҳадаги ташаббус ва саъй-ҳаракатларининг яна бир глобал миқёсдаги эътирофи, десак муболаға бўлмайди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева Женевага расмий ташрифи доирасида ХМТ бош директори Жилбер Унго билан учрашув ўтказди.
Учрашувда ҳам айнан ҳамкорликнинг янги босқичи, олдинги учрашувларда эришилган келишувларнинг ҳолати ва натижаларига эътибор қаратилди. Жумладан, муносиб меҳнат тамойилларининг тизимли татбиқ этилиши ҳамда ХМТ билан ижтимоий адолат Глобал коалицияси доирасидаги ҳамкорлик ва истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган дастурнинг жорий этилгани, унда ХМТ томонидан тавсия этилган стандартлар инобатга олингани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Учрашувда муносиб меҳнат тизимини такомиллаштиришда қонунчиликка оид ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида фикр юритилди ҳамда шу ўринда парламентнинг таъсирчан кучи ва ваколатларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.
Н.Абдураимова, ЎзА