Жексон-Вэник тузатиши минтақамиз учун йил охиригача бекор қилиниши мумкин
АҚШ сенатори Стив Дайнс Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Тожикистон учун Жексон-Вэник тузатишини бекор қилувчи қонун лойиҳаси Конгресс томонидан 2026 йил охиригача қабул қилинишига умид билдирди. Унинг таъкидлашича, ҳар икки партия томонидан қўллаб-қувватланадиган ушбу ташаббус Давлат котиби Марко Рубио ва Трамп маъмурияти томонидан ҳам маъқулланиши кутиляпти.
Молия қўмитаси тингловида янграган тегишли баёнотда юқорида тилга олинган мамлакатлар учун тузатишни бекор қилишга чақирилган ва бу ҳужжат “собиқ Совет Иттифоқи даври қолдиғи” дея аталган.
Дайнс ҳозир амалдаги савдо чеклови Қўшма Штатлар учун “шармандали иш” экани, чунки бундай чора аллақачон асл мақсад-мазмунини йўқотгани ва бугунги кунда Вашингтоннинг стратегик муҳим минтақа – Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ билан муносабатини чуқурлаштиришга тўсқинлик қилаётганига эътибор қаратган.
Сенатор таъкидлашича, 2025 йил охиридан бошлаб Озарбайжон расман C-6 таркибига қўшилиб, аввалги C-5 форматини кенгайтирди. Тузилма доирасида Қўшма Штатлар минтақа билан ҳамкорликни янада ривожлантиради.
– Ҳозир Марказий Осиё ва Жанубий Кавказда Қўшма Штатлар билан яқин шериклик қилиб келаётган давлатлар мавжуд, – деди сиёсатчи. – Афсуски, бу ўлкалар ҳамон Куба, Беларусь ва Шимолий Корея билан бир қаторда Жексон-Вэник тузатиши қамраб олинган мамлакатлар рўйхатида қолмоқда.
Тинглов давомида ноиб АҚШ савдо вакили Жеймисон Грирдан эски ҳужжат бекор қилиниши бўйича саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлаш ёки рад этиш борасидаги танлови ҳақида сўраган. Грир эса “Агар ушбу мамлакатлар ўз бозорини Америка товарлари ва компаниялари учун кенгроқ очса, Трамп маъмурияти бундай ташаббусни қўллаб-қувватлашга тайёр”, деб жавоб берган.

Ушбу масала 2025 йил 15 январь куни Капитолий тепалигида бўлиб ўтган Сенат тингловида ҳам кўтарилган. Ўшанда Президент Дональд Трамп томонидан Давлат котиби лавозимига номзод қилиб кўрсатилган сенатор Марко Рубио Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистонга қарши амал қилаётган Жексон-Вэник тузатишини “ўтмиш қолдиғи” деб атаганди.
Сенатор Стив Дайнс Рубионинг Жексон-Вэник тузатиши бўйича қараши билан қизиққан. Ўзи ва яна бир сенатор Гари Петерс Марказий Осиё бўйича тузилган гуруҳнинг асосий мақсадлардан бири минтақа учун тузатишни бекор қилиш, айниқса Қозоғистон ва Ўзбекистонга учун доимий фаол савдо шериги мақомини бериш эканини айтган.
– Давлат котиби лавозимига киришганингизда сиз анчайин устувор мавқега эга бўлишингизни тушунаман, – деган ўшанда сенатор бўлажак давлат котибига. – Таъкидламоқчиманки, шу ҳужжатни бекор қилиш хайрихоҳлик намойиши бўлади. Марказий Осиёга энди Жексон-Веник тузатишини бекор қилишдек ривожланиш воситалари жуда зарур.
Бунга жавобан Рубио ҳам мазкур чекловдан Марказий Осиё мамлакатларига босим ўтказиш учун фойдаланиш энди мантиқсизлигини таъкидлаган.

Дарвоқе, 2025 йил ноябрь ойида Вашингтонга амалий ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз қароргоҳида АҚШ Сенатидаги Марказий Осиё бўйича гуруҳ ҳамраиси, сенатор Стив Дайнсни қабул қилгани ҳам айни жараённи тезлаштиргани аниқ. Учрашувда Ўзбекистон – Америка стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорлик кўламини кенгайтириш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинган. Шунингдек, икки мамлакат учун манфаатли бошқа долзарб халқаро ва минтақавий масалалар бўйича фикр алмашилган эди.
Хуллас, Жексон-Вэник тузатиши бекор қилиниши АҚШ билан минтақамиз давлатлари ўртасидаги ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

Жексон-Вэник тузатиши АҚШ Конгресси томонидан 1974 йил АҚШ ва СССР ўртасидаги Совуқ уруш даврида қабул қилинган. Фуқаролари эркин кўчиб кетишига тўсқинлик қиладиган мамлакатлар билан савдо имтиёзини чеклашга қаратилган бу ҳужжат қабул қилинишига собиқ Совет Иттифоқидан яҳудийлар кўчиб кетишини чеклаш сиёсати туртки берган. Тузатиш аллақачон асл маъносини йўқотган бўлса-да, ҳамон расман Озарбайжон ва Марказий Осиё мамлакатларига нисбатан қўлланмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА