Jeep автомашиналари нега чероки деб номланган?
Американинг чероки ҳиндулари бошлиғи Jeep маркали автомашиналарга халқининг номи берилиши мақсадга мувофиқ эмас, деб баёнот берди.
Маълумки, Jeep Cherokee ва Jeep Grand Cherokee номи ҳиндулар қабиласи номидан олинган.
“Катта фойда оламан деб ҳиндулар маданиятидан фойдаланиш нотўғри”, деди сардор кичик Чак Хоскин CNN телеканалида чиқиш қилиб. У шунингдек, АҚШ корпорациялари ҳамда спорт жамоалари ўз маҳсулотларини тайёрлаётганда ҳиндуларнинг “номи, тасвири ҳамда туморлари”дан воз кечадиган вақт аллақачон келганини таъкидлади.
Унинг айтишича, Jeep компанияси автомобилларини сотишда қабила номидан фойдаланиши тўғри эмас, бу ҳиндулар шаънига тўғри келмайди.
Ўз навбатида, Jeep компанияси раҳбарияти сардор кичик Чак Хоскин билан бу борада очиқ ва ўзаро ҳурмат асосида мулоқот қилишга тайёрлигини билдирган.
Телеканалнинг хабар беришича, Jeep Cherokee машинаси 1974 йилдан 2001 йилгача ишлаб чиқарилган, 2013 йилдан бошлаб ушбу номдан бошқа йўлтанламас автомобиллар фойдаланмоқда. Grand Cherokee маркали автомобиллар эса 1993 йилдан ишлаб чиқарила бошланган.